11:50 / 16.04.2021
20445
«Мен бугун Самарқандга қарсак эшитиш учун келганим йўқ. Бизга баҳони сизлар эмас, халқ берсин» – президент

Самарқанд вилоятида бўлиб турган вазирлар ўн кун давомида шу ерда қолиб, ўзига тегишли соҳани ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида бўлиб ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари туман даражасидаги ишлар билан шуғулланмаслиги кераклиги, бу ишлар билан тегишли соҳалар раҳбарлари шуғулланиши лозимлигини айтиб ўтди.

«Мана, менга берилган маърузада туманларга экиладиган экинлар ҳақида маълумот берилибди. Ахир бу президент иши эмас. Президент фармон ва қарорлар қабул қилиб беради, уёғи бошқа раҳбарлар иши.

Мана, куни кеча Покистон бош вазири жаноб Имрон Хон билан икки соатдан ортиқ суҳбатлашдик. Покистон, Афғонистон етакчилари билан улкан темир йўл лойиҳасини тасдиқладик. Агар мана шу темирйўлимиз олдинроқ бўлганида эди, бугун жаҳон бозорига олиб чиқаётган маҳсулотимиз таннархи 50-60 фоизгача арзон бўлиши мумкин эди.

Биз қайси йирик сувга чиқамиз десак, икки давлатни босиб ўтишимиз керак. Айнан мана шу темир йўл лойиҳаси ишга тушаётгани учун ҳам бизга йўл бераётган давлатлар чегирмалар таклиф қилишади. Мана улкан ташқи сиёсат, президент қиладиган ишлар.

Мен бугун Самарқандга қарсак эшитиш учун келганим йўқ. Бизга баҳони сизлар эмас, халқ берсин. Бугун Тошкентдан ҳамма вазирлар келган. Уларнинг ҳаммаси 10 кун шу ерда қолади ва тизимни йўлга қўяди.

Биринчи йўналиш – ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни танқидий ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш орқали, камбағалликни қисқартириш.

Вилоятда 174 минг нафар аҳоли ишсиз, 223 минг фуқаро ишлаш учун хорижга кетган. Шуни ҳисобга олиб, вилоятга Ишчи гуруҳи юбориб, «маҳаллабай» ва «фуқаробай» ишлаш ташкил этилди. 

Жумладан, 1  минг 100 та маҳалланинг ҳар бирига бириктирилган банк ходимлари уйма-уй юриб, секторларда ташкил этилган «Бошқарув офис»лари билан бирга, барча маҳаллаларни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилди.

Бунда, аввало аниқ фаолият турига ихтисослашган маҳаллалар ва хонадонлар тажрибасини кенг ёйишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги маълум бўлди.

Масалан, Иштихондаги «Ҳумо» маҳалласида заъфарон, Булунғурдаги «Саховат» маҳалласида картошка етиштириш, Пахтачидаги «Ёбу», «Қувондиқ», «Истиқбол», «Кўрпа» маҳаллаларида иссиқхона, Оқдарёда сабзавот уруғчилиги, Ургутда тўн ва дўппи тикиш, Каттақўрғон туманида қулупнайчилик, Паст Дарғомда мебелсозлик, Самарқанд туманида кўкат етиштиришга ихтисослашган хонадонлар тажрибасини бошқаларга ҳам ўргатиш керак.

Айниқса, хизмат кўрсатиш деярли мавжуд бўлмаган маҳаллаларда, турли хил хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш лозим.

Нурмуратов, банклар билан бирга, вилоятда оилавий тадбиркорлик учун режалаштирилган 625 миллиард сўм ўрнига, 900 миллиард сўм кредит ажратилишини ташкил этсин.

Маҳаллаларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳарнинг «ўсиш нуқта»лари белгиланди. Бу ишларни пастда самарали ташкил этиш учун, тегишли вазирлар ва банклар раислари бириктирилди», – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top