11:15 / 16.04.2021
20549
Одамлар ишсиз юргани ҳокимларга берилган баҳо - Президент амалдорлар фаолиятини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида ўтказилаётган йиғилишда бугунги замон ва халқ ишончига муносиб ишламаётган амалдорлар фаолиятини танқид қилди ва Самарқандда ҳам коррупция ҳолатлари борлигини қайд этди.

«Мени қуйи бўғиндаги кадрлар масаласи кўп қийнайди. Қани энди қуйи бўғиндаги мансабдорлар, тўртта сектор раҳбарларининг фаолиятини баҳолаб берадиган компьютер дастурлари бўлса. Афсуски, йўқ бундай дастур.

Мана, Андижондаги айрим ҳолатларни телевизорда кўргандирсизлар. Мансабдорлар, 20 минг, 60 минг долларлаб пора олишяпти ва ер сотишяпти. Нима, Самарқандда бундай ҳолатлар йўқми? Афсуски бор.

Ҳозир ҳокимларга барча шароитлар яратилган. Лекин шунга муносиб иш қиляпмизми? Жуда кам. Очиғи, 223 минг одам хорижда юргани, 174 минг одам ишсиз юргани ҳар бир ҳокимга берилган баҳо. Агар ўша ҳокимлар виждон билан ишлаганларида 35-40 фоиз маошларини давлатга топширишлари керак эди. Ўша юртдошларимиз хорижда сарсон юрганларида бирор ҳоким ҳол сўраяптими? Ахир ўшалар ҳисобидан ойлик оляпти-ку?!

Қарсак чалишга жуда устамиз. Қарсак чалавериб мени ҳам ўргатмоқчимисизлар? Менинг ҳам оёғим ердан узилса, йиллар ўтиб келгуси авлод нима дейди?! Ахир шунча йил халқни қийнаб келган муаммолар билан шуғулланмадик, энди кечикишга ҳаққимиз йўқ», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент Самарқандда амалга оширилиши режалаштирилган ишларга тўхталди.

«Самарқандга жуда катта пул билан келяпмиз. Бу триллионлаб маблағ. Биргина сув таъминоти тизимига 300 млн доллар ажратяпмиз. Самарқандда қачон бирваракайига саккизталаб меҳмонхона қурилган?

Қачонгача боболаримиз қуриб кетган обидалар билан мақтанамиз? Бизнинг ҳам набираларимиз биз барпо қилган иншоотлар билан фахрлансин. Муаммолар билан бугун шуғулланмасак, эртага кеч бўлади.

Самарқанднинг меҳнатсевар, танти халқи бор. Бу вилоятда муаммо бўлиши мумкин эмас. Агар бугун ҳокимлар аниқ ташаббуслар билан чиқмаса, ишидан кетади», – деди президент.

Top