21:38 / 17.04.2021
20093
Шифокорлар Навальнийнинг аҳволи оғирлигини маълум қилди

Навальнийни даволовчи шифокорлар жазони ижро этиш федерал хизмати бошлиғи Александр Калашниковга сиёсатчининг аҳволи оғир эканини билдириб мурожаат йўллаган.

Фото: Reuters

«Альянс врачей» касаба уюшмаси раҳбари, Алексей Навальнийни даволовчи шифокор Анастасия Васильева мухолифатчининг қон таҳлили нусхасини чоп этди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, сиёсатчида буйрак етишмовчилиги кучайган ва юраги тўхтаб қолиши эҳтимоли бор, деб ёзади «Коммерсантъ».

Хабар қилинишича, Навальнийни даволовчи шифокорлар жазони ижро этиш федерал хизмати бошлиғи Александр Калашниковга сиёсатчининг аҳволи оғир эканини билдириб мурожаат йўллаган.

«Икки кун ўтди, аммо бизга ҳеч ким жавоб бермади. Қондаги калий миқдори — 7,1 ммоль/л. Бу хавотирли рақам. Бу буйрак етишмовчилиги ва юрак ритми исталган дақиқада бузилишини: ошқозон фибрилляциясидан юрак тўхташигача юз бериши мумкинлигини билдиради», деб ёзган «Анастасия Васильева жамоаси» Twitter саҳифасида.

«Унинг аҳволи ҳақиқатан ҳам оғир», — деган «Альянс врачей» матбуот котиби Александра Захарова Reuters агентлигига.

Унинг сўзларига кўра, «гап ҳафталар ёки кунлар эмас, балки соатлар ҳақида бормоқда».

Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний феврал ойида Ив Роше иши бўйича озодликдан маҳрум қилинганди. Август ойида заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган сиёсатчи даволанишни Германияда давом эттирган ва Россияга қайтган кунидаёқ қўлга олинган. 31 март куни сиёсатчи олдига шифокорни киритишмагани учун очлик эълон қилганди.

Top