22:14 / 19.04.2021
8857
Нега вакциналарнинг ўзигина коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун етарли эмас?

Кўпчилик инсонлар коронавирусга қарши вакцинани ниқоблардан қутулиб, нормал ҳаётга қайтиш учун сўнгги чора сифатида кўрмоқда.

Олимларнинг фикрича, эмлашлар вирус тарқалишининг олдини олиш учун етарли бўлмайди ва бундан бошқа чоралар ҳам кўрилиши лозим.

Асосий муаммо шундаки, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича 100 фоиз самарали чора йўқ ва эмлаш ҳам истисно эмас.

9та тилимга ажратилган тешикли пишлоқни тасаввур қилинг. Ҳар бир тилим инсоннинг вирусга қарши ҳимоя қатлами бўлсин.

Худди кўрилаётган чоралар каби тилимларнинг ҳеч бири мукаммал эмас. Вирус ҳам ушбу тешиклардан қандайдир бир тарзда сизиб ўтяпти.

Бироқ қатламлар сони ошгани сайин уларнинг бири томонидан вирусни тўхтатиб қолиниш эҳтимоли ортади.

Келинг, ҳар бир пишлоқ бўлагини кўриб чиқамиз.

Вакцина Covid-19’га қарши энг катта қурол сифатида кўрилмоқда. 90 фоиздан юқори ҳимоя билан таъминлайдиган вакциналар юқтириш ҳолатлари ва ўлим хавфининг олдини олади.

Тестлар ўзи билмаган ҳолда вирусни ташиб юрувчиларни ҳам аниқлашга имкон беради. Бироқ тезкор диагностика тестлари баъзида аниқ натижа бермаяпти.

Контактларни кузатиш механизмлари мусбат ҳолатлар билан яқин алоқада бўлганларни ўзларини изоляция қилиш борасида огоҳлантирмоқда. Ушбу механизмлар янада тезлашиши ва контактларнинг 80-100 фоизини қамраб олиши керак.

Кўплаб мамлакатлар вирусни юқтирган ёки ўзининг коронавирусга чалинганини гумон қилганларни уйда қолишга ундамоқда ва ҳеч кимга яқинлашмасликлари лозимлигини маслаҳат бермоқда. Кўп сонли одамлар ушбу тавсияларни бажармаяпти ёки бажара олмаяпти.

Гарчи, ниқоблар ва юзни ҳимоя қилувчи воситалар йўтал, аксириш ва мулоқот орқали тарқаладиган вирус томчиларининг олдини олса-да, аммо уларнинг ҳатто энг сифатлилари ҳам вирусни ўтказиб юбориши мумкин.

Ниқобларни тўғри тақиш, улардан кенг фойдаланиш эпидемия суръатини ўзгартиришда жуда муҳим.

Бошқалар билан 2 метр масофа сақлаш вирус юқиш хавфини камайтиради, аммо шунда ҳам хавф мавжуд. 

Тоза ҳаво юқтириш хавфини камайтиради, ультрабинафша нурланиш ҳам сиртдаги вирусларни йўқ қилишга қодир. Аммо ташқарида бўлганимизда юқтириш хавфи буткул йўқ бўлмайди. Етарли даражада шамоллатилмаган жойларда эса вирусни юқтириб олиш эҳтимоли ортади. Ҳавонинг айланиш даражаси ошгани сайин хавф камаяди, аммо у буткул йўқолмайди.

Яхши гигиена вируснинг тарқалишини тўхтатишга ёрдам беради, аммо ҳаводаги зарралар ҳамиша хавф туғдиради.

Хулоса қилиб айтганда, тешикли пишлоқнинг ҳеч бир қатлами 100 фоизлик ҳимояни таъминлай олмайди. Аммо бир вақтнинг ўзида бир нечта бўлак – яъни эҳтиёт чоралари кўрилган бўлса, ўзимизни ва яқинларимизни яхшироқ ҳимоя қила оламиз.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, тешикли пишлоқ моделини эпидемия билан боғлиқ ҳолда илк бор қўллаган инсон – Австралиядаги Queensland университетида фаолият олиб борувчи вирусолог Ян Максвелл Маккейдир. Олимнинг айтишича, пишлоқдаги бўлаклар инсонларнинг хатти-ҳаракатларига қараб доимо очилиб, ёпилиб, ўзгариб туради.

Маккей сингари кўплаб олимлар ҳатто эмлаш жараёни жадал суръатларда кетаётган ҳудудларда ҳам пишлоқдаги тешиклар вирусни ўтказиб юбормаслиги учун комплекс чора-тадбирлар кўришни тавсия қилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top