20:00 / 21.04.2021
7292
AKFA Университети Times Higher Education Impact Ranking рейтингига кирди

AKFA Университети Ўзбекистонда фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари орасида биринчи бўлиб Times Higher Education (THE)нинг Impact Ranking рейтингига кирди.

THE Impact Ranking рейтинги бугун Буюк Британиянинг Times Higher Education ташкилоти томонидан чоп этилди. Таъкидлаш лозимки, Times Higher Education олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритади ва университет фаолиятларини баҳолаш бўйича етакчи ташкилот ҳисобланади.

Рейтинг асосий мақсади Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга оширишда олий таълим муассасаларининг (ОТМ) таъсирини баҳолашдан иборатдир. THE University Impact Rankings умумий рейтингида иштирок этиш учун университет камида тўртта БРМни амалга оширишда иштирок этиши керак. Шу ўринда, барча университетлар 17 мақсадда: Барқарор ривожланишга эришиш учун манфаатли глобал ҳамкорлик – иштирок этишлари шарт. Илк рейтинг 2019 йилда чоп этилган. 2020 йилда чоп этилган рейтинг барча 17 та БРМни қамраб олган.

Ўз фаолиятини 2019 йилда бошлаган AKFA Университети илк бор THE Impact Ranking рейтингига кирди. Умумий рейтингда AKFA Университети 29,5 балл билан 1001+ гуруҳига киритилди. THE University Impact Rankings умумий рейтингига жами 1115 та ОТМ киритилган.

Шуни таъкидлаш керакки, AKFA Университети 17 та БРМдан олтитасида иштирок этди:

  • БРМ 1 – Қашшоқликнинг барча турларини тугатиш: 591 ОТМ орасида 301-400 ўрин;
  • БРМ 3 – Соғлом ҳаёт ва фаровонликни таъминлаш: 871 ОТМ орасида 801+ ўрин;
  • БРМ 5 – Гендер тенглик: 776 ОТМ орасида 601+ ўрин;
  • БРМ 8 – Самарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашиш: 685 ОТМ орасида 401-600 ўрин;
  • БРМ 16 – Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш: 653 ОТМ орасида 401-600 ўрин;
  • БРМ 16 – Барқарор ривожланиш мақсадларида Глобал шериклик доирасида амалга ошириш воситаларини мустаҳкамлаш ва ишларни фаоллаштириш: 1154 ОТМ орасида 1001+ ўрин.

– Бизнинг университет жаҳон университетларининг обрўли рейтингига илк бор киритилди. Мазкур ютуқ университет жамоаси ва асосчиси – AKFA Medline клиникасининг меҳнати натижасидир. Эндиликда бизнинг мақсадимиз THE Impact Ranking рейтингида ўрнимизни янада кўтариш ва дунёнинг энг яхши ОТМлари рейтинги — THE World University Rankings’га киришдан иборатдир, - деб таъкидлади AKFA Университети ректори Беҳзод Джалилов.

Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) 2030 йилга қадар эришиладиган халқаро ҳамкорликнинг 17 та мақсадлари тўпламидир. БРМлар барча миллатларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, тенгсизлик, қашшоқлик, очлик ва глобал иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, одамларнинг таълим, ичимлик суви, иш ва арзон энергия таъминотини яхшилаш, ижтимоий адолат ва тинчлик ғояларини тарғиб қилишга қаратилган. Мақсадлар Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган.

Батафсил маълумот: akfauniversity.org/akfa-university-included-in-the-times-higher-education-impact-ranking

Реклама ҳуқуқи асосида

Top