15:27 / 21.04.2021
1695
Глобал иқтисодий тикланиш экологияга таҳдид сифатида кўрилмоқда

2021 йилда глобал энергия талаби 4,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу иқлим ва атроф-муҳитга яқинлашиб келаётган таҳдидларнинг «даҳшатли аломати» сифатида баҳоланмоқда. Зарарли чиқиндилар кўпайишининг асосий омили кўмирга бўлган талабнинг ортиши билан изоҳланган.

Бу йил углерод (СО2) чиқиндилари деярли беш фоизга ошиши прогноз қилинмоқда. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 1,5 миллиард тоннага кўп ҳисобланади. Халқаро энергетика агентлиги (IEА) ҳисоботига кўра, бу тарихдаги иккинчи энг катта ўсиш бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу тез иқтисодий тикланиш натижасида иқлим ва атроф-муҳитга яқинлашиб келаётган таҳдидларнинг «даҳшатли аломати» ҳисобланади. Жорий йилда 2020 йилда содир бўлган пасайишнинг тахминан 80 фоизи қайта тикланиши мумкин.

Зарарли чиқиндилар кўпайишининг асосий омили кўмирга бўлган талаб деб баҳоланмоқда. IEА маълумотларига кўра, ушбу маҳсулотга бўлган талаб бу йил 4,5 фоизга ўсади ва 2014 йилги энг юқори чўққига яқинлашиши мумкин. Таҳлилчилар буни катта хавф деб билишади. Улар агар ҳукуматлар чиқиндиларни қисқартиришни бошламасалар, дунё 2022 йилда атроф-муҳитнинг даҳшатли зарарланиш ҳолатига дуч келади, деб таъкидлашмоқда. 2021 йилда глобал энергия талаби 4,6 фоизга ўсиши кутилмоқда, аммо нефтга бўлган талаб 2019 йилги даражадан пастда бўлиши мумкин.

Глобал энергия талабининг тахминан 70 фоиз ўсиши ривожланаётган бозорлар ва ривожланаётган иқтисодиётларга тўғри келади. Бу ерда талаб 2019 йил даражасидан 3,4 фоизгача кўтарилади. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда энергиядан фойдаланиш пандемиядан олдинги даражасидан 3 фоизга паст бўлиши кутилмоқда.

Мутахассислар водород саноати келажакдаги глобаллашган иқтисодиётнинг асосини ташкил этишини таъкидлашмоқда. Бунда водород ҳозирги кўмир, нефть ва табиий газнинг ўрнини эгаллайди.

Маълумот учун, водород энергияси қуйидаги ўринларда ишлатилиши мумкин:

а) ёқилғи сифатида. Водород ёниши жараёнида фақат сув буғлари ажралиб чиқади. Ёниш жараёнида олинган иссиқлик энергияси бевосита иссиқлик энергияси сифатида ишлатилиши ҳам, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида электр энергияга айлантирилиши ҳам мумкин.

б) ёқилғи элементлари сифатида. Бу элементда водород ёқиш жараёнисиз тўғридан тўғри электр энергияси олинади. Жараён натижасида фақат тоза сув ҳосил бўлади. Бу элементлардан водород автомобилларида ҳам фойдаланилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга бориб жаҳон энергетикасидаги водород энергиясининг улуши 18 фоизни, аср сўнгида 40 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Top