19:11 / 24.04.2021
18643
Наманганда чуқур кавлаш жараёнида икки ишчини тупроқ босиб қолди

24 апрель куни соат 14:10 ларда Наманган шаҳар Навоий кўчасида қуриб битказилаётган кўп қаватли уйларга канализация чуқури кавлаш жараёнида, тупроқ ўпирилиши ортидан икки ишчи ҳалок бўлди.

Фото: Kun.uz

Наманган шаҳар Алишер Навоий кўчасида жойлашган, қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйларга канализация тармоғини тортиб ўтиш учун траншея кавлаш ишлари олиб борилаётган вақтда, тупроқ қатламининг ўпирилиб кетиши натижасида ер сатҳидан 4,5 метр пастликдаги траншея ичида ишлаётган икки нафар ёлланма ишчи тупроқ остида қолиб, ҳодиса жойида вафот этишган.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, марҳумлардан бири Чортоқ тумани «Чортоқ» МФЙда яшаган К.Ё., иккинчиси Наманган тумани «Навбаҳор» МФЙда яшаган А.Ш. экани маълум қилинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув натижасида қурилиши тугалланмаган кўп қаватли турар жой объектлари қурилиши ва канализация тармоғи тортиш ишлари Наманган шаҳрида фаолият олиб борувчи «Azizbek Avtogaz Servis» МЧЖ томонидан амалга оширилаётгани, жамиятга турар жой объектларини қуриш учун Наманган шаҳар ҳокимининг 20.06.2018 йилдаги 913-сонли қарорига асосан рухсат берилгани, бироқ канализация тармоғи тортиш учун ер участкасида қазиш ишларини амалга оширишга шаҳар ҳокимининг тегишли рухсатномаси олинмагани аниқланган.

Ҳозирда вафот этган шахсларнинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланди.

Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатиб, дастлабки тергов ҳаракатларини бошлади.

Top