22:20 / 26.04.2021
6039
Туркия АҚШ билан мудофаа ҳамкорлиги тўғрисидаги келишувни музлатиб қўйиши мумкин – Bloomberg

Туркия раҳбарияти Байденнинг XX аср бошларида Усмонийлар империясида содир бўлган воқеалар қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан берган баёнотига жавоб чораларини қабул қилишга тайёрланмоқда.

Фото: Bloomberg

Анқара АҚШ президенти Жо Байденнинг арманлар геноцидини тан олишига жавобан мудофаа ва иқтисодиёт соҳасидаги Туркия – АҚШ келишувининг амал қилишини тўхтатиб қўйиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Bloomberg агентлиги хабар берди.

Агентликнинг маълумот беришича, Туркия раҳбарияти Байденнинг XX аср бошларида Усмонийлар империясида содир бўлган воқеалар қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан берган баёнотига жавоб чораларини қабул қилишга тайёрланмоқда.

Жавоб қадами сифатида 1980 йилда тузилган мудофаа ва иқтисодиёт соҳасидаги Туркия – АҚШ келишувининг амал қилишини тўхтатиб қўйиш имконияти кўриб чиқилмоқда. 

Шанба куни Байден XX аср бошларида Усмонийлар империясида содир бўлган воқеаларни «арманлар геноциди» деб атади. Байдендан аввалги АҚШ раҳбарлари бу иборани ишлатишдан қочишганди. 

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Анқара Байденнинг бу баёнотини тўлалигича инкор этишини маълум қилди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқотида буни тарихий хато деб атади.

Туркия арманларнинг оммавий ўлимини тан олади, аммо «геноцид» сўзи қўлланилишига қарши чиқади ва қурбонлар сони ошириб кўрсатилганини айтиб келади.

Top