09:46 / 27.04.2021
5928
Жанубий Корея баҳсли ороллар бўйича Японияга норозилик билдирди 
Фото: Reuters

Япониянинг Жанубий Кореядаги маслаҳатчи-элчиси Токио Япон денгизидаги Токто баҳсли оролларига даъво қилаётгани сабабли Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ва унга норозилик билдирилди.   

«Ҳукумат Япониянинг Токто оролига ноқонуний даъво қилишига кескин муносабат билдиради. Ушбу орол тарихий, географик ва юридик нуқтайи назардан Жанубий Корея ҳудуди ҳисобланади», деб айтилган Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.  

Аввалроқ Япония ташқи ишлар вазирлигининг «Кўк китоб» деб номланувчи ҳар йиллик маърузаси эълон қилинганди. Унда Токто архипелаги Япония ҳудуди ҳисобланиши айтилган. «Кўк китоб» Япония ҳукумати томонидан тасдиқланувчи ҳужжат бўлиб, унда минтақадаги вазиятга баҳо берилади ва яқин истиқболда Япониянинг ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлари баён қилинади.  

Токто умумий майдони 0,188 квадрат километрни ташкил қилувчи кичик ороллар гуруҳи бўлиб, у Корея яриморолидан шарқда жойлашган. Бу кимсасиз қояли ҳудудлар борасидаги баҳс совет армияси 1945 йилда Жанубий Кореяни япон мустамлакасидан озод қилгандан кейин бошланган. Ҳозирда ороллар Жанубий Корея қуролли кучлари томонидан назорат қилинади.  

Ўз навбатида, Токио Сеул Япония империяси таркибига 1905 йилда киритилган ушбу ҳудудни ноқонуний эгаллаб олган деб ҳисоблайди. Пхенян ва Сеулда ороллар ҳамиша Корея яримороли таркибига киргани таъкидлаб келинади.

Top