20:39 / 28.04.2021
6204
Марказий банк: 2020 йилда ишсизлик даражаси 10,5 фоизга кўтарилди

2020 йил якунлари бўйича ишсизлик даражаси 9,1 фоиздан 10,5 фоизгача ошган. Шунингдек, ортиқча ишчи кучи таклифининг вужудга келиши шароитида меҳнат бозорида ўртача номинал иш ҳақи ўсиши 2019 йилдаги 27,5 фоиздан 14,7 фоизгача секинлашган.

Марказий банкнинг 2020 йил якунлари бўйича ҳисоботи эълон қилинди.

Таъкидланишича, 2020 йилда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган кучайтирилган тартибдаги карантин чекловларининг жорий этилиши, иқтисодиётнинг айрим тармоқларидаги корхоналар фаолиятининг вақтинчалик тўхтатилиши ишсизлик даражасининг сезиларли даражада ошишига олиб келган.

Хусусан, 2020 йил якунида жами банд аҳоли сони 13,2 миллион кишини ташкил этиб, ишсизлик даражаси 2019 йил якунидаги 9,1 фоиздан 10,5 фоизгача ошган. Бунда ишсизлик даражаси ошишининг энг юқори кўрсаткичи 2020 йилининг II чорагида кузатилиб, мазкур даврда ишсизлар сони 672 мингтага ошиб, ишсизлик даражаси 13,2 фоизга етган.

Тармоқлар кесимида қаралганда, савдо (5 фоиз), қурилиш (4,3 фоиз), ташиш ва сақлаш (3,5 фоиз), саноат (1,2 фоиз) соҳаларида бандликнинг қисқариши кузатилган бўлса, соғлиқни сақлаш (5,7 фоиз), таълим (2,4 фоиз) ҳамда қишлоқ хўжалиги (0,5 фоиз) соҳаларида бандлик даражаси ошган.

Шунингдек, ишсизлик даражасининг ошиши натижасида ортиқча ишчи кучи таклифининг вужудга келиши шароитида меҳнат бозорида ўртача номинал иш ҳақи ўсиши 2019 йилдаги 27,5 фоиздан 14,7 фоизгача секинлашган.

Ҳисобот йилида пандемия шароитида корхоналарнинг тўлиқ қувватларда ишламаганлиги, меҳнат ресурслари ҳаракатларининг чекланганлиги натижасида меҳнат унумдорлиги пасайиш тенденциясига эга бўлган.

Хусусан, меҳнат унумдорлиги ўсиши 2020 йилнинг I чорагида 2019 йилнинг I чорагига нисбатан секинлашган бўлса, II ҳамда III чоракларда мос равишда 1,1 ва 1,9 фоизга пасайган. 2020 йилнинг III чорагидан карантин чекловларининг юмшатилиши, иқтисодий фаолликнинг тикланиши шароитида меҳнат унумдорлиги кўрсаткичининг ҳам ижобий ўзгариши кузатилиб, IV чорагида унинг ўсиши 1,8 фоизни ташкил қилган.

Аввалроқ, Сенат ялпи мажлисида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ҳозирда мамлакатда 1,6 миллион ишсиз борлиги, шундан 805 мингдан ортиғи 16-30 ёшдаги ишсизлар эканлигини таъкидлаб ўтганди.

Top