Сурияда 26 май куни ўтадиган президент сайловларида иштирок этиш учун 51 номзоддан ариза олинди. Аризалар олий конституциявий суд томонидан Сурия парламенти – Халқ кенгашига топширилган.

Таъкидланишича, 2014 йилда ўтган охирги президент сайловларида 24 кишидан ариза олинган, улардан фақат 3 нафаригина, жумладан, амалдаги президент Башар Асад сайловларда иштирок этганди.
Сурия конституциясига кўра, парламент сайловолди кампанияси эълон қилингандан кейин 10 кун давомида номзодлардан ариза олади. Жорий сайловолди кампанияси 19 апрелда бошланганди.
Бироқ сайловларда парламентнинг камида 35 депутати овозини тўплай оладиган номзодларгина иштирок эта олади.
Сурия парламенти 250 депутатдан иборатлиги эътиборга олинса, президент сайловларида назарий жиҳатдан 7 нафардан кўпроқ номзод иштирок эта олмайди. Амалдаги президент Башар Асад бош котиби ҳисобланадиган «Баас» партияси парламентда 167та ўринга эгалиги сабабли ушбу партия номзоди сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун энг кўп имкониятга эга.
Башар Асад ўз отаси – Суриянинг собиқ президенти Ҳафиз Асад 2000 йилда вафот этгандан кейин мамлакатга раҳбарлик қилиб келади. Асаддан ташқари, президент сайловларида биринчи марта 2014 йилда бошқа номзодлар ҳам иштирок этган. Ўшандаги сайловлар натижаларига кўра, Асад 88,7 фоиз овоз тўплаб, Сурияга учинчи марта президент этиб сайланганди.