03:23 / 29.04.2021
18408
Интернет мемлардаги машҳур кулги соҳиби Хуан Борха вафот этди

Интернет оламида ўзининг машҳур кулгиси билан танилган испаниялик Хуан Борха 65 ёшида вафот этди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзишди. 5 апрел куни 65 ёшга тўлган комик юрак касаллигидан вафот этган.

Бир неча йил аввал Хуан Борха Canal Sur телеканалига интервью берган ва суҳбат давомида соҳилда ишлаганини эслаб, ғаройиб тарзда кулади. Бу кулги кейинчалик интернет оламида жуда машҳур бўлиб кетади. Уни минглаб турда пародия қилиб чиқишади. Интервьюнинг оригинал кўриниши илк марта 2007 йил YouTube'да пайдо бўлганди.

Борханинг ҳаётида охирги йилларда қийинчиликлар кўп бўлган. 2020 йил унинг оёғини кесишади. Интернет фойдаланувчилари эса унинг тиббий қарзларини тўлаш ва ногиронлик аравачасини сотиб олиши учун 14 минг евро йиғишади. 2021 йил интернетда El Risitas номи билан машҳур бўлган Хуан Борха бу учун одамларга раҳмат айтиб, видеомурожаат йўллаганди.

Top