21:41 / 30.04.2021
12440
Банан дунё бозорида кескин қимматлашмоқда. Унинг баъзи навлари бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин

Дунё бозорига асосий банан экспорт қилувчилар Эквадор ва Венесуэла каби давлатларда Tropical Race 4 (TR4) касаллиги тарқалиши Ўзбекистонда ҳам яқин вақтларда банан нархлари кескин ошишига олиб келиши мумкин.

East Fruit таҳлилларига кўра, айни пайтда банан нархлари бутун дунёда ўтган йилга нисбатан анча қиммат ҳисобланади. Бу барча мамлакатлар учун долзарб тенденциядир.

Айни пайтда бананларнинг ўртача нархи Россияда бир ярим баравар ошди ва мамлакат улгуржи бозорида ўртача 1 кг банан 1,44 доллар атрофида сотилмоқда. Шу билан бирга, бананларни моддий-техника жиҳатидан олислиги сабабли Марказий Осиё мамлакатларида анъанавий нархлардан анча қимматроқ сотиб олиш мумкин. Тожикистонда ушбу меванинг улгуржи нархи килограмми учун 1,57 доллар, Ўзбекистонда эса 1,99 долларни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, Беларусда ушбу мевалар ўртача 25 фоизга, Польша ва Грузияда эса 21 фоизга қимматлашган.

Шарқий Европа ва Марказий Осиёда банан нархи кўтарилишига нима сабаб бўлмоқда?

Бутун дунёда бананларнинг жуда катта қисми Эквадорда етиштирилади ва Марказий Осиё ҳамда Шарқий Европа мамлакатларига ушбу давлатдан импорт қилинади. Мамлакат иқтисодиётининг пасайиши, Сovid-19’нинг тез тарқалиши, шунингдек, 2020 йилда глобал талабнинг пасайиши сабабли бананларнинг жаҳон бозоридаги нархи кескин тушиб кетди. Бу эса ушбу мевани етиштиришга манфаатдорликни камайтирди.

Бундан ташқари, жорий йил март ойида мамлакатда Сангай вулқонининг отилиши банан ҳосилига жиддий зарар етказган. Шунингдек, Эквадор бананларига кутилмаганда АҚШ бозорида кучли талаб пайдо бўлди. 2020 йил ноябрида Марказий Америка бўйлаб рўй берган тошқинлардан сўнг, банан ишлаб чиқарилиши Гватемала, Ҳондурас ва минтақанинг бошқа мамлакатларида жиддий даражада камайиб кетди ва АҚШ ички бозор талабларини ўзи учун ноодатий бозор ҳисобланган Эквадор маҳсулотлари билан таъминлай бошлади.

Ишлаб чиқариш қисқариши, бошқа муқобил қулай бозорлар пайдо бўлиши ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатларнинг аксарияти миллий валютасининг долларга нисбатан қадрсизланиб кетиши ички бозорда импорт қилинадиган маҳсулотлар қимматлашишига олиб келган.

Бу тенденцияларнинг барчаси ҳамма жойда банан нархининг аста-секин ўсиб боришига ёрдам бермоқда ва сўнгги вақтларда Жанубий Америкада бананларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳам кўпаймоқда.

Банан саноати учун катта таҳдид ҳозирда Tropical Race 4 (TR4) касаллиги бўлиб, у биринчи навбатда энг кўп экспорт қилинадиган Cavendish навига кучли таъсир кўрсатади. Жанубий Америка плантацияларида касалликни юқтириш ҳоллари 2019 йилдаёқ қайд этилган ва жорий йил апрелида ушбу ҳолат Эквадор ва Перуда ҳам тасдиқлангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.  

Маълумот учун, Cavendish 1950-йиллардан бери энг кўп экспорт қилинадиган банан тури ҳисобланди. ТR4 тарқалиши илгари минтақада асосий нав ҳисобланган Gros Mishel плантацияларининг жуда катта қисмини йўқ қилиб юборган.

Шунингдек, ОАВда Венесуэлада тупроқ қўзиқоринларини ривожлантирувчи Fusarium oxysporum TR 4 касаллиги кузатилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Бу Венесуэла ҳукумати томонидан расман тасдиқланмаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида тарқалган фотосуратлар ҳамда видеолар банан плантацияларидаги аянчли вазиятнинг сабаби нима эканлиги ҳақида ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Натижада дунёдаги энг йирик банан экспортчиси бўлган Эквадор ТR 4 вируси ҳолатлари аллақачон тасдиқланган мамлакатлар томонидан тўлиқ ўралган.

Эслатиб ўтамиз, Эквадор ҳар йили 6,5 миллион тоннадан ортиқ банан экспорт қилади. Бундан ташқари, айнан шу мамлакат Шарқий Eвропа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун энг катта банан етказиб берувчи ҳисобланади. Ҳозиргача Эквадор Fusarium oxysporum TR 4 тупроқ қўзиқорини билан касалланиш ўчоқлари ҳақида хабар бермаган бўлса-да, вазиятнинг бундай ривожланиш эҳтимоли жуда юқори ҳисобланади.

East Fruit ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари банан истеъмол қилиш бўйича энг паст ёки ўта паст тоифадаги мамлакатлар сирасига киради. Бироқ, бу ерда ҳам банан одатда супермаркетларда энг кўп сотиладиган мевалар тоифасига киради ва мева импортида энг катта улушлардан бирини эгаллайди. Шунга кўра, банан бозоридаги нархлар ўзгариши истеъмолчиларга бевосита таъсир қилади. Шунингдек, бу олма ва бошқа анъанавий ва айниқса мавсумий меваларга бўлган талабнинг ўсишини рағбатлантиради.

Top