20:34 / 02.05.2021
5394
Австралияликларга Ҳиндистондан қайтиш тақиқланди

Австралиянинг Ҳиндистондан қайтувчи фуқароларига 5 йилгача қамоқ жазоси берилиши ва 66 минг Австралия доллари (51 минг доллар) миқдорида жарима солиниши мумкин. Бундай кескин чора Австралия ҳукумати коронавирус билан боғлиқ ўта оғир вазият кузатилаётган Ҳиндистондан қайтишга вақтинчалик тақиқлов киритгани билан боғланган.

Фото: Mayank Makhija/NurPhoto

3 май кунидан бошлаб Ҳиндистонда 14 кун бўлганларга Австралияга кириш тақиқланади. Чекловлар 15 май куни қайта кўриб чиқилади.

Австралия соғлиқни сақлаш вазирлигида таъкидланишича, ушбу қарор Ҳиндистонда коронавирусга учраб, ҳозирда карантинда бўлган австралияликлар кўплиги сабабли қабул қилинган. “Ҳукуматга бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади”, деб айтган мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Грег Хант. Унинг таъкидлашича, Австралия соғлиқни сақлаш тизими бутлиги ва карантин муҳим ҳисобланади. Аввалроқ Австралия Ҳиндистондан барча парвозларни тақиқлаб қўйганди.

Мутахассисларнинг баҳолашича, ҳозирда Ҳиндистонда 9 минг австралиялик яшайди. Австралиялик шифокор Вьом Шармернинг таъкидлашича, ҳукуматнинг ушбу чораси Ҳиндистондан қайтаётганлар соладиган хавфга номутаносибдир. “Бизнинг оилалар Ҳиндистондан кетишнинг бирорта йўли йўқлиги сабабли у ерда том маънода ўлмоқдалар”, деб айтган Шармер.

Айни вақтда Ҳиндистонда коронавирус билан ўта оғир вазият кузатилмоқда. Мамлакатда ўтган ҳафта ҳар кун 300 мингдан кўпроқ кунлик касалланиш ҳолати қайд этилган. Австралия вируснинг мамлакатга кириши олдини олиш учун пандемия бошидан бери бир қатор қатъий чоралар кўрган. Мамлакатда касалланиш ҳолатлари деярли қайд этилмаётгани ва вирусдан ўлимлар бошқа давлатларга нисбатан анча кам бўлганига қарамай, бу борадаги кескин сиёсат кўплаб австралияликларни юртларига қайтиш имконидан маҳрум қилган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top