16:54 / 05.05.2021
886
Қўқонда бир гуруҳ саховатпеша ҳомийлар 90 ёшли отахоннинг уйини таъмирлаб берди

Қўқон шаҳрининг Муқимий шаҳарчасида истиқомат қилувчи 90 ёшли Турсунбой ота ва Санобархон аянинг хонадонини бир гуруҳ саховатпеша ҳомийлар таъмирлаб берди. Улар ўтган йили бу ишни ният қилган эди. 

Турсунбой ота ва Санобархон ая Қўқон шаҳар Муқимий шаҳарчаси 15 уйнинг 41-хонадонида истиқомат қилади. Уларнинг турар жойи анчагина ачинарли ҳолатга келиб қолган эди. Қўқондаги бир қанча хайрли ташаббусларга ҳисса қўшаётган саховатпеша ҳомийлар Саховат ва кўмак хайрия акцияси доирасида, шунингдек, Рамазон ойи муносабати билан ушбу ташаббусга қўл урди. 

«Ўтган йилги пандемия даврида Турсунбой отанинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонига илк маротаба ташриф буюриб, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келган эдик. Ўшанда уларнинг яшаш шароитини кўриб, жуда ачинган эдик. Карантин тугаб, ишларимиз юришиб кетса, ушбу кексаларнинг яшаш шароитини тўғрилаб беришни мақсад қилган эдик. Шукур, мана, бугун мақсадимизга эришдик. Отахон билан онахоннинг юзидаги қувончни кўриб, хурсанд бўлдик», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда ОАВга кўриниш беришни хоҳламаган ҳомийлардан бири. 

Турсунбой ота билан Санобархон ая янги таъмирдан чиққан уйларига карнай-сурнай садолари билан таклиф этилди. Уларнинг қувончига шерик бўлиш мақсадида ташриф буюрган Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳомийларга ўз миннатдорлигини билдирди.

Top