17:31 / 07.05.2021
1217
Қаршида канализация суви дарёга оқаётгани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда «Қашқадарё дарёсига шаҳар канализацияси бемалол оқизиб қўйилган! Ҳолбуки, бу сувда одамлар чўмилади, чорва суғорилади...» сарлавҳа остида мақола чиқди.

Мақола юзасидан Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати муносабат берди.

Муносабатда ёзилишича, ҳолатни ўрганиш давомида Қарши шаҳар сув таъминоти корхонасига қарашли Соҳил бўйи «Канализациялар насос станцияси» (КНС)нинг насосидаги носозлик туфайли канализация тармоғидан оқиб чиқаётган оқова сув ҳақиқатдан ҳам Қашқадарё дарёсига оқиб тушаётганлиги аниқланган. 

Ушбу ҳолат бўйича Қарши шаҳар сув таъминоти корхонаси масъул ходимлари билан бирга ўрганиш ўтказилган.

КНСдаги насоснинг камчиликлари бартараф этилди. КНСда носозлик туфайли канализациядан оқиб чиқаётган оқова сув туфайли Қашқадарё дарёси сувининг ифлосланиши юзасидан Қарши шаҳар сув таъминоти корхонасининг масъул ходимларига нисбатан МЖтКнинг 72-моддаси 1-қисми билан «маъмурий баённома» расмийлаштирилган.

Top