20:03 / 08.05.2021
21696
«Болалигим концлагерда қолган» — андижонлик Саша амаки

Андижон шаҳрида яшовчи Александр Василевский болалигининг тўрт йили иккинчи жаҳон уруши даврининг энг машъум саҳифаси – фашизмнинг инсоният олдидаги кечириб бўлмас жиноятлари маскани бўлган концлагерда, тутқунликда ўтган.

Бегуноҳ инсонлар, ҳатто ёш болаларни ваҳшийларча отиб, печларда ёқиб ўлдирилганига гувоҳ бўлган қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз мудҳиш уруш воқеликлари ҳақида бўлди.

Фашистлар Александр Василевский яшаган Украинанинг Винница вилоятига 1941 йилнинг 10 августида кириб келишган. Босқинчилар унинг оиласидаги тўрт киши – онаси, икки синглиси ва ўғил укасини концлагерга жўнатишади.

Оиланинг икки аъзоси концлагердаги азобларга дош бера олмай ҳалок бўлган. Лагер жойлашган ҳудудни 1944 йилнинг 10 августида собиқ иттифоқ қўшинлари озод қилган.

«Концлагерда доимий равишда 500 минг атрофида одам ушлаб туриларди. Атроф ўрмонзор. Немислар лагердан одамларни ўрмонга олиб чиқиб, отиб ўлдирарди.

Уруш охирига бориб концлагерда 100 нафарча одам тирик қолганди. Бизни озод қилганлар орасида партизанлар ҳам бор эди. Биз ярим йилча ўрмонда партизанлар билан бирга яшаганмиз. Концлагерда мен оиламиздан тўрт киши билан бирга бўлганман.

Онам, икки синглим ва укам. Иккитаси ўша ерда ҳалок бўлган, иккитамиз омон қолганмиз. Отам фронтда бўлган.

Концлагерда бизга овқат беришмасди. Фақатгина маҳаллий аҳолининг ёрдами билан тирик қолганмиз. Улар бизга сим тўсиқлар ортидан картошка, нон бўлакларини ташлаб беришарди. Маҳаллий аҳолининг бир қисми полицайлар эди, фашистларга хизмат қиларди, бошқа қисми эса бизни асраб қолишга ҳаракат қиларди. Улар туфайли биз омон қолганмиз.

Биз ёш болалар сув таширдик, картошка таширдик. Картошка пўстлоғини бизга ейиш учун беришарди. Таом беришмасди.

Одамларни ёқиб юборишмасди, отиб ўлдиришарди. Атрофдаги бутун ўрмон шу концлагер қурбонлари билан тўлган. Бу концлагерни бутун дунё «Ўлим сиртмоғи» сифатида яхши билади. Винница яқинида Ҳитлернинг қароргоҳи бўлган. У ўша ердан тўппа-тўғри Москвага йўл олишни мўлжаллаган.

Бир воқеа эсимда. Биз синглим билан қочиб кетишни хоҳлагандик. Бурчакдан чиқиб борсак, бир немис бизга назар солиб, «Хенде хох» деган. Ўлдириб қўйишидан қўрқиб, ортга қайтганмиз. Кичкина бола эдик. Синглим 10 ёшда эди.

Ҳозиргача концлагер билан боғлиқ ички ҳиссиётлар бор. Соғлиғим аввалгидек эмас. Мен 9 ёшгача мактабга бора олмаганман. Мени 1-синфга қўлда кўтариб олиб боришган. Кейинчалик уруш асоратлари ортга чекинди. Соғлиғим бироз тикланди», – дейди Александр Василевсий.

Александр мактабни битиргач, «Известия» газетасида Андижонда тиббиёт институти очилаётгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолади ва институтга ўқишга кириш учун Андижонга келади.

«Бу ерда бирорта танишим ҳам, қариндошим ҳам йўқ эди. Вокзалолди кўчаси, ҳозирги янги бозор атрофидаги уйлардан бирига жойлашиб, яшаганман. Ўқишга киргач, 4-курсдан 1-шаҳар касалхонасида урология бўлимида тиббий оға сифатида ишлай бошлаганман. Институтни битиргандан бошлаб пенсияга чиққунга қадар уролог бўлиб ишлаганман.

Клиникада 1972 йилда урология бўлими очилган. Мен шу бўлимнинг биринчи мудири бўлганман. Кейин тиббиёт институти ассистенти бўлдим, бир неча йил ўтгач, тиббиёт фанлари номзодига айландим», –дейди Александр Василевсий.

У Андижонда яшайдиган, ўзига ҳамкасб қиз билан танишиб, турмуш қуради. Уларнинг икки фарзанди бор – Эдуард ва Михаил. Улар ҳам шу ерда, Андижонда врачлик касбини танлаб ишлаб келишмоқда.

Немис элчиси Василевскийни Германияга доимий яшаш учун таклиф қилган. Германия қонунчилигига кўра, давлат уруш пайтида концлагерда азият чеккан инсонларни тўлиқ таъминлаши керак. Элчи тўрт хонали уй берамиз, тўлиқ таъминлаймиз, дейди. Василевский рози бўлмаган. Германия ҳукумати ҳозиргача ёрдам бериб туради.

«Кўпчилик одамлар Ўзбекистондан кўчиб кетишди. Агар менга ҳам ёмон бўлганида кўчиб кетардим, лекин мен бу ерни, шу одамларни ёқтириб қолганман. Оиламиз ҳеч қаёққа кетмайди. Бизнинг илдизимиз шу ерда. Бу – бизнинг кичик Ватанимиз.

Ўзбекистонда мени «Шуҳрат» ва «Жасорат» медаллари билан тақдирлашиб, ғалаба муносабати билан таъсис этилган барча юбилей медалларини беришган.

Янги авлодга айтадиган гапим шуки, она ерни қадрлаш керак, роҳат олаётган ёшингни қадрига ет, бомбалар учмаётгани учун раҳмат айт. Бошқа юртларда бомбалар учаётганини улар билишади, эшитишяпти. Бу ерда эса хотиржамлик ҳукм суряпти. Агар ёмон бўлганида, биз ҳам кўчиб кетган бўлардик.

Президентимиз барча ишларни қиляпти. 12 миллион сўм миқдорида бир марталик мукофот берди. Ҳаммаси учун раҳмат. Қанча пул беришидан қатъи назар, энг муҳими – эътибор, қадрлаш ва хотира. Гап пул миқдорида эмас, ҳурмат-эътиборда», – дейди у.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Маҳмудов

Top