11:24 / 09.05.2021
46402
Араб денгизида катта миқдорда рус ва хитой қуроллари ортилган кема қўлга олинди

Американинг ракетали крейсери Араб денгизи ҳудудида бирорта ўзини танитиш белгисига эга бўлмаган кемани қўлга олди, унинг бортида Россия ва Хитойда ишлаб чиқарилган йирик миқдордаги қуроллар партияси аниқланган. Ҳозирда АҚШ ҳукумати бу кема қаердан қаерга ҳаракатланганини аниқлаштириш устида иш олиб бормоқда.

Фото: twitter.com

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари 5-флоти маълумотларига кўра, кемани ушлаш бўйича амалиёт нейтрал сувларда USS Monterey крейсери жамоаси кўмагида ўтказилган. Амалиёт икки кундан ортиқроқ давом этган.

Америкалик ҳарбийлар кема бортида Россия ва Хитойда ишлаб чиқарилган минглаб автоматлар, шунингдек, россияликларнинг танкка қарши ракета мажмуалари, мерганлик милтиқлари ва пулемётлар бўлгани ҳақида хабар берган.

«Кемада яширилган қурол орасида Россияда ишлаб чиқарилган танкларга қарши бошқарилувчи ўнлаб ракеталар, Хитойда ишлаб чиқарилган минглаб милтиқлар, пулемётлар, танкларга қарши гранатомётлар аниқланган», дейилади флотнинг расмий твиттерида.

Топилган қуроллар мусодара қилинган. Ноқонуний қуролни ташиётган кема экипажи сўроқ қилингач, қўйиб юборилган. Ҳозирда АҚШ ҳукумати бу юклар қаердан чиққани ва кимга мўлжалланганини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда.

AP агентлиги америкалик ҳарбийларга асосланган ҳолда бу юк Ямандаги ҳусийчилар учун аталган бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Бу қуроллар Эрондан чиққани тахмин қилинмоқда.

Бу америкаликлар кемаси Араб денгизи ҳудудида йирик миқдорда қурол-яроғ ортилган кемаларни тўхтатиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 2020 йил бошида ҳам америкалик ҳарбийлар қурол ортилган эронликлар кемасини тўхтатганди.

Top