16:20 / 10.05.2021
8711
Футзалдаги ўзгаришлар. ПФЛ жорий мавсум нималарга эриша олди?

Профессионал футбол лигаси футзал спорти бўйича мавсум якунларини келтирди.

«Футзал спорт турини ривожлантириш масаласида кўплаб тортишувлар мавжуд бўлиб, айримлар футзал Жаҳонгир Усмонов томонидан бошқарилган вақтда анча жозибали бўлгани ҳақида айтади. Чиндан ҳам ўша даврда Испания ва Бразилиядан мутахассислар олиб келинди ва терма жамоа бир қадам олдинга юра олди. Бироқ кеча якунига етган 2020/21 йилги мавсумдан хулоса қилинса, футзал яна аввалги мавқейига қайтаётганини кўриш мумкин. 

Биринчи галда ПФЛ футзал мавсумини баҳор-куздан куз-баҳорга ўзгартиришга эришди. Албатта, пандемия даври бунда катта роль ўйнади ҳамда темир айни қизиғида босилди. Энди футзал сентябрь ойида старт олади ва майда якунига етади. 3 ойлик ёзда эса соҳил футболини жонлантириш масаласи кун тартибига чиқади. 

Шу йилнинг 25 март куни чемпионлик учун асосий даъвогар бўлган «Пахтакор» ва АГМК ўзаро тўқнаш келди. Учрашув чиндан ҳам фантастик руҳда ўтди ва якунда Тошкент клуби 3:2 ҳисобида устун келди. Мусобақанинг асосий кульминацияси мана шу учрашув бўлди ва «Пахтакор» мавсум якунига қадар 1 очколик фарқни сақлаб қолишга эришди. Кеча «Ўзбекистон» спорт мажмуасида дастлабки уч ўрин эгалари муносиб тақдирланди, футзал мухлислари учун ҳақиқий байрам кайфияти тортиқ қилинди. 

ПФЛ ёш кадрлар қўлига ўтгач, ташкилот нафақат Про лига трансляцияси борасида тарихий келишувга эришди, балки футзал трансляцияларини ҳам Спорт-ТВ билан ҳамкорликда экранларга қайтарди. Бу албатта мусобақа интригасини янада кучайтирди», дейилади ПФЛ хабарида.

Аввалроқ ПФЛ раҳбари футзал учун олдинда қилиниши керак бўлган тўрт масала ҳақида ёзганди:

  • футзал клубларини бадал пулларидан озод қилиш;
  • футзал трансляциясини йўлга қўйиш; 
  • футзал географиясини кенгайтириш;
  • футзал чемпионати учун ҳам титул ҳомийга эга бўлиш. 

«Ҳозирча ПФЛ икки масалани уддалади. Яъни илк марта футзал клублари бадал тўлашдан озод этилди. Қўшимчасига, чемпионат трансляциялари юқорида айтилганидек йўлга қўйилди. Айни вақтда ташкилот кейинги икки масала устида ишлаяпти. Жорий мавсум мусобақалар Тошкент, Олмалиқ ва Жиззахда ўтказилган бўлса, бизга маълум бўлишича, сентябрь ойидан бошлаб Фарғона ҳамда Самарқанд шаҳарлари ҳам рўйхатга қўшилади. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров бу борада ПФЛ таклифини қўллаб-қувватлади ҳамда вилоятдаги йирик «Само» спорт мажмуаси қопламасини алмаштиришга киришди. Чиндан ҳам футзал республиканинг ҳар бир вилоятига кириб бормагунига қадар, уни етарли даражада оммалаштириш қийин. ПФЛ айнан шу йўналишда ишлаяпти. 

Шунингдек, футзал бўйича миллий терма жамоа куз фаслида жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди ва бу ҳам катта ютуқ. ЎФА айни вақтда катта футбол термаси учун номдор рақиблар топиб бера олмаётган бўлса-да, футзалда ишлар жойида. Миллий жамоамиз ҳозиргача уч қитъанинг энг кучлилари билан ўйнаб улгурди: Эрон, Марокаш ва Аргентина. Амалдаги мундиал ғолиби сифатида Аргентинанинг Тошкентга олиб келингани ҳам диққатга сазовор. 

Қисқа қилиб айтганда, ҳозирча футзални жонлантириш операцияси ёмон кетмаяпти. Кеча тугалланган мавсум аввалгиларидан анча жонлироқ ўтгани ҳам фикримизга мисол бўла олади. «Пахтакор» АГМК клубининг кетма-кет беш мавсум давом этган чемпионлигига чек қўя олди», дейилади хабарда.

Қуйида тақдирлаш маросимидан суратлар тақдим этилган.

 

Top