14:57 / 11.05.2021
12249
«Бунёдкор» ва «Пахтакор» футбол клублари тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилди

Вазирлар Маҳкамасининг 30 апрелдаги қарорига мувофиқ, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол клубларининг барча улушлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилди. Яна 11та футбол клуби давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Футбол клублари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига, яна 11та клубнинг улуши давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиб берилди. 

Қарорга мувофиқ, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улуши Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилди. 

Бундан ташқари, «Насаф», «Олмалиқ», «Бухоро», «Нефтчи», «Локомотив», «Шўртан», «Динамо плюс», «Металлург», «Машъал», «Навбаҳор лочинлари» ва «Сурхон» профессионал футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга ўтказилди.

Шунингдек, қарорда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар 13та футбол клубининг бош ҳомийлари сифатида назарда тутилган. 

Aввалроқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилда энг кўп зарар кўрган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатига «Пахтакор» футбол клубини ҳам қўшган эди. Клуб 2020 йилда 82,7 миллиард сўм зарар кўргани таъкидланганди.

Клуб эса Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига эътироз билдириб, клуб давлат бюджетидан маблағ олмаслигини, балки унинг бюджети тўлиғича « SFI Managemеnt Group» МЧЖ томонидан шакллантириб келинганини маълум қилганди. Шу билан бирга, клуб баёнотида Давактив агентлигини тўғри ва холис ахборот тарқатишга чақирганди.

Top