09:19 / 12.05.2021
15216
Хитойда аҳолини рўйхатга олиш натижалари эълон қилинди
Фото: Global Look Press

Хитойда ҳар ўн йилда ўтказиладиган навбатдаги аҳолини рўйхатга олиш натижалари эълон қилинди. Натижаларга кўра, ҳозирда Хитой аҳолиси 1 млрд 411 млн 780 минг кишига етган.

Бу кўрсаткич Хитойга дунёнинг энг кўп аҳолига эга давлати мақомини сақлаб қолишга имкон берди. Бироқ бу 2016 йилда ҳукумат прогноз қилган кўрсаткичдан камроқни ташкил қилган. Ўшанда Хитой ҳукумати мамлакат аҳолиси 2020 йилда 1,42 млрд кишидан ошишини кутган. 

Ҳисоб-китобларга кўра, Хитой аҳолиси 10 йил ичида 72 млн кишига ёки 2010 йилга нисбатан 5,38 фоизга кўпайган. Бу давр ичида аҳоли ўсиш суръати йилига ўртача 0,53 фоизни ташкил қилган. Таъкидланишича, бу кўрсаткич мамлакатда очарчиликдан 10 миллионлаб киши ўлган 1960-йиллар бошидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш еттинчи марта ўтказилган. Натижаларга кўра, Хитойда 723 млн 339 минг 956 нафар эркак ва 688 млн 438 минг 768 нафар аёл (мос равишда аҳолининг 51,24 ва 48,76 фоизи) яшайди.

Хитойда 16 ёшдан 59 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли аҳоли 880 млн кишини, аҳолининг ўртача ёши эса 38,8 йилни ташкил қилади. 

Натижалар Хитойда аҳоли кексайиб бораётгани ва туғилиш даражаси пасаяётганини кўрсатган. 2020 йилда мамлакатда 12 млн бола дунёга келган. Бу эса 2019 йилга нисбатан анча камроқни ташкил қилган. 2016 йилдан жуфтликларга расман иккинчи фарзанд кўришга рухсат берилганига қарамай, кўрсаткичлар кутилгандан пастроқ бўлган.

Мамлакатда туғилиш даражаси пастлиги ортида кекса ёшлилар сони ортган: 2010 йилда 65 ёшдан катта хитойликлар умумий аҳолининг 8,9 фоизини ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 13,5 фоизга етган. Бир қатор прогнозларга кўра, агар туғилиш даражасининг шундай паст суръатлари сақланиб қолса, 2030 йилдан кейин Хитойда ишчи кучи етишмаслиги муаммоси юзага келади.

Ҳозирда Хитой аҳоли сони бўйича дунёда 1-ўринни сақлаб келмоқда. 2-ўринни 1,389 млрд аҳолига эга Ҳиндистон, 3-ўринни эса 331 млн аҳолига эга АҚШ эгалламоқда.

 

Top