22:04 / 14.05.2021
19591
«Камчиликлар кўп, лекин вақт керак» — Президент Kun.uz мухбири билан гематология ва онкология соҳаси муаммолари ҳақида гаплашди

Президент муаммоларни бир қарор билан ҳал қилиб бўлмаслиги, бунинг учун қарорлар ижроси назорати муҳимлигини қайд этиб, бу ишда кўмакчи сифатида ОАВ вакилларига ишонч билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Учтепа туманига ташриф чоғида журналистлар билан суҳбатда бўлди.

Kun.uz мухбири, асли мутахассислиги шифокор бўлган Аброр Зоҳидов Гематология ва онкология шифохоналаридаги беморларга зарур бўлган мураккаб операциялар юртимизда амалга оширилмаслиги, уларда даволаниш учун маблағ етмаслиги сабаб хайриялар уюштирилиши, муаммолар кўплиги ҳақида гапирди. Журналист кўплаб беморлар онкологик ва гематологик касалликлардан даволаниш учун хайрия сўраб келиши, эндиликда операция харажатларининг 50 фоизини давлат тўлаб беришини эшитиб, жуда хурсанд бўлганини айтди.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев доим ушбу касалликка чалинган юртдошларимизга қандай ёрдам беришни ўйлаб юришини, бугун ҳам бемор болалар билан суҳбатлашганда йиғлаганини, янги тизим асосида давлат уларга ёрдам бериши, бунинг учун керакли маблағлар ажратилишини қайд этди. Бу борадаги қийинчиликларни бартараф этиш учун хориждан керакли ускуналар олиб келиниб, вилоятлар марказларида ҳам махсус шифохоналар ташкил этилиши маълум қилинди.

«Мени ҳам анчадан бери қийнаб юрарди онкология ва гематология бўйича муаммолар. Бизда тана аъзоларини кўчириш соҳасида мутахассис ҳам йўқ, марказ ҳам йўқ, ускуналар ҳам йўқ. Шунинг учун бу борада катта тажрибага эга Россия, Корея, Германиядан ускуналар олиб келиб ҳамма вилоятда марказлар очамиз. Фақат Тошкентда эмас, Тошкент вилоятида ҳам ташкил қиламиз. Тошкентда 10 гектарга яқин жой ажратиб энг замонавий марказ ташкил қиламиз», деди президент.

Давлат раҳбари республикада пойтахтдан бошқа жойларда гематологик ва онкологик касалга чалинган беморларни даволаш учун шароитлар етарли эмаслигини таъкидлар экан, мустақилликнинг келгуси йилида юртимизда шундай марказ қуриб битказилишини маълум қилди.

«Аёлларимизни тиббий кўрикдан ўтказиш тизими мутлақо ўзгариши керак. Кўрикдан ўтиш шарт бўлиши керак. Онкологик касалликлар қанча кеч аниқланса шунча оғирлашади. Шундай улуғ айём кунларида катта режалар қабул қилдик, келаси йил ниятимизга етамиз Худо хоҳласа», деди у.

Шавкат Мирзиёев соҳаларда ҳали камчиликлар кўплигини, аммо умид ва ишонч билан ҳаракат қилинса, албатта натижа бўлишини таъкидлади.

«Ишонч ҳосил қилишларинг керакки, йўлимиз тўғри. Камчилик жуда кўп, лекин бизга катта вақт керак. Онгли равишда ватанни севиш, ватанга хизмат қилиш керак.

Албатта, ўнқир-чўнқир бўлгандай, ҳамма соҳада бирданига ҳаммасини тузатиб бўлмайди.

Бир кунда президент қарори билан ҳаммаси зўр бўлганда эди, ҳар куни қарор қабул қилардим. Минг афсус, қарор қабул қилиб, орқасидан ўзим юришим керак. Чунки мени ижро, сифат, тартиб-интизом, масъулият қийнайди.

Сизлар билан бирга шуларни жойига қўйсак, масъуллар билан кўпроқ мулоқотда бўлсангиз, ҳар куни эрталаб «Аброр келса нима дейман?» деб туришса, ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади», дея журналистларга ишонч билдирди президент.

Top