23:00 / 17.05.2021
8008
Лукашенко оммавий тартибсизликларни бостиришда жанговар қуролни қўллашга рухсат берди

 Беларусь президенти Александр Лукашенко “Беларусь Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича қонунларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Ушбу қонун куч тузилмаларига “вазиятдан келиб чиқиб” қурол ва махсус воситалар қўллаш ҳуқуқини беради.

Фото: Reuters

Янги қонун билан жисмоний куч, махсус воситалар, қурол, жанговар ва махсус техникани қўллаш шартлари ва кўлами белгиланади. Ҳужжатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари юқорида келтирилган воситаларни қонунга мувофиқ қўллаганда етказилган зарар учун жавобгар бўлмаслиги кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ички ишлар идоралари оммавий тартибсизликлар олдини олишда жанговар ва махсус техника қўллаш ҳуқуқини олади. Қонун эълон қилингандан бир ой ўтиб кучга киради.   

Феврал ойида Беларусдаги норозилик намойишлари давомида биринчи ҳалок бўлган намойишчи Александр Тарайковскийнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилмаслиги маълум бўлган. Милициянинг таъкидлашича, Тарайковский ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томон портловчи қурилма отмоқчи бўлганда, қурилма унинг қўлида портлаб кетган. Кейинроқ куч тузилмалари Тарайковскийни тўхтатиш учун жароҳатловчи қурол қўллагани, у олинган жароҳатлардан бири оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум бўлган.

Top