23:05 / 18.05.2021
4785
«Тиббиёт дарсликларининг аксарияти халқаро стандартларга жавоб бермайди» — президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Расмий релизга кўра, йиғилишда тиббий таълим ва илм-фан масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.

Таъкидланишича, тиббиёт соҳасидаги ҳозирги таълим услублари бундан 30-40 йиллар аввал тасдиқланган, дарсликларнинг аксарияти халқаро стандартларга жавоб бермайди. Олий ўқув юртлари ва ихтисослашган марказларда илмий салоҳиятга қизиқиш, рағбат кам.

Шу боис, тиббиёт олий таълим муассасаларини трансформация қилиш, илғор хорижий тажриба асосида, менежерлар ҳамда юқори технологик ускуналар билан ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги йўналишлар очиш зарурлиги таъкидланди.

Ординатура ва магистратурада ўқиётган иқтидорли ёшларни хорижда малака оширишга юбориш юзасидан кўрсатмалар берилди.

«Соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилади, халқаро кредитлар жалб қилинади. Ушбу ажратилаётган маблағлар самарасини халқимиз сезиши керак», – деди президент.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.

Top