11:31 / 20.05.2021
5710
Ўзбекистон ва Россия мунтазам йўловчи темир йўл қатновини тиклашга биргаликда тайёргарлик кўриш борасида келишувга эришди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов “Россия темир йўллари” ОАЖ бошқаруви раиси – бош директори Олег Белозеров бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди.

Россия компанияси раҳбари “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қўриш лойиҳасини амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди ҳамда минтақа мамлакатлари иқтисодий ривожланиши ва қатор мамлакатларнинг транзит салоҳиятини юксалтириш учун ушбу лойиҳа аҳамиятини қайд этди. Минтақада транспорт коммуникациялари янги архитектурасини шакллантирувчи ушбу лойиҳа амалга оширилиши Шарқий ва Жанубий Осиёдан МДҲ ва Европага ҳамда тескари йўналишда юк ташиш вақт ва харажат параметрларини 30 фоизга камайтириши таъкидланди.

Лойиҳани техник-иқтисодий асослашни ва уни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишга техник ёрдам кўрсатиш учун ушбу соҳада илғор тажриба ва технологияларга эга бўлган Россия ихтисослаштирилган лойиҳа институтларини жалб этишга келишилди.

Темир йўлни қуриш ва ишга тушириш ҳақида келишиб олиб, томонлар ундан келгусида фойдаланишнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтди. Жумладан, Афғонистон темир йўл саноати учун кадрлар тайёрлаш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Мулоқот доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг умумий масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, юк ташиш шартларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш орқали икки давлатни боғловчи темир йўл йўлакларининг юк билан бандлигини ошириш мақсадида ҳамкорлик қилиш учун кейинги тадбирлар белгиланди. Бу ишлаб чиқарувчилар ва логистика компаниялари учун вақт ва моддий харажатларни камайтиради ҳамда икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш имконини беради.

Россия бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мунтазам етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида ўзбек ва россиялик тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни шакллантириш орқали ўзаро юк ташиш ҳажмини кўпайтириш бўйича ҳам қўшма чора-тадбирлар амалга оширилади.

Эпидемиологик вазият изга тушиши билан Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам йўловчи темир йўл қатновини босқичма-босқич қайта тиклашга биргаликда тайёргарлик кўриш борасида ҳам келишувга эришилди.

Top