13:33 / 24.05.2021
16764
АПЛда сўнгги тур: «Ливерпуль» ва «Челси» ЕЧЛда, Бэйл «Арсенал»ни еврокубокдан маҳрум қилди

Бу оқшом «Тоттенҳэм» ва шахсан Ҳарри Кейн учун омадли бўлди. Жамоа ўзи учун еврокубоклар йўлланмасини сақлаб қолди ҳамда «Челси»га ёрдам берди. «Ливерпуль» ҳам учинчи ўрин билан ЕЧЛга чиқди.

Англия чемпионати. Премьер-лига. 38-тур
«Лестер» — «Тоттенҳэм» — 2:4 (1:1)
Голлар: Варди, 18 — пенальтидан (1:0). Кейн, 41 (1:1). Варди, 52 — пенальтидан (2:1). Шмейхель, 76 — автогол (2:2). Бэйл, 86 (2:3). Бэйл, 90 (2:4).
«Астон Вилла» — «Челси» — 2:1 (1:0)
Голлар: Траоре, 43 (1:0). Ал-Ғозий, 52 — пенальтидан (2:0). Чилуэлл, 70 (2:1).
«Ливерпуль» — «Кристал Пэлас» — 2:0 (1:0)
Голлар: Мане, 36 (1:0). Мане, 74 (2:0).

АПЛнинг якунловчи туридаги асосий интрига — Чемпионлар лигаси ва умуман еврокубокларга кимлар йўлланма олиши бўйича эди. ЕЧЛ учун қолган икки ўринга уч клуб даъвогар эди — «Ливерпуль», «Челси» ва «Лестер». Улардан бири ортиқча эди. Ҳал қилувчи ўйинлар олдидан турнир жадвалининг юқорисидаги ҳолат қуйидагича эди:

  • «Челси» – 67 очко, +23 (57-34);
  • «Ливерпуль» – 66, +24 (66-42);
  • «Лестер» – 66, +20 (66-46).

Сўнгги турдан кейин ҳам очколар тенг бўлиб қолган ҳолатда ҳисобга олинадиган биринчи кўрсаткич — тўплар нисбати эди.

«Ливерпуль» ўз уйида «Кристал Пэлас»ни қабул қилди, ўйин учун мотивацияси фақат Рой Ҳожсоннинг сўнгги ўйинини муносиб ўтказиш бўлган жамоани мағлуб этса, Юрген Клопп жамоаси бошқа ўйинларда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар Чемпионлар лигасидаги иштирокини кафолатларди.

«Челси» ва «Лестер»нинг сиртқи кураши эса ҳаяжонларга бой бўлди. «Лестер» еврокубокка йўлланма берувчи ўринни сақлаб қолиши керак бўлган «Тоттенҳэм»ни қабул қилди, «Челси» «Астон Вилла» меҳмони бўлди.

Биринчи бўлиб «Лестер» ташаббус кўрсатди. Англия Кубоги соҳиби етакчиси Жейми Варди пенальти ишлаб, уни ўзи аниқ ижро этди.

Бу голдан кейин Брендан Рожерс шогирдлари онлайн турнир жадвалида дарҳол учинчи ўринга кўтарилди, «Ливерпуль» эса тўртликдан чиқди. Александр-Арнольд қўпол хатога йўл қўйиб, Таунсендга имкон тақдим этганида, қизиллар ЕЧЛ билан хайрлашаётгандек эди, аммо «Тоттенҳэм» тарбияланувчиси бирга бир вазиятдан гол ура олмади. Аммо «Энфилд» мезбонлари шу куни катта куч билан олдинга ташланишди ва «Кристал Пэлас» ижобий натижага умид қила олмасди. Ўйинда ҳисоб бурчак зарбасидан кейин очилган бўлса-да, мерсисайдликлар бунгача камида бешта «юз фоизлик» вазият яратишганди. Сане иккинчи бўлимда ҳам битта гол урди ва жамоасининг хотиржам ғалабасини таъминлади.

Тухель шогирдлари эса биринчи бўлим охирида «Астон Вилла»дан гол ўтказиб юборишди. 15 ёшдан 19 ёшигача Лондон клуби тизимида бўлган Траоре ҳисобни очди. Ушбу буркино-фасолик футболчи кўп вақтни ижарама-ижара ўтказган, фақат Гуус Ҳиддинк даврида унга имкон берилган, аммо рақобатга дош бера олмай сотиб юборилганди. Траоренинг голи «Челси» учун икки карра ёқимсиз бўлди, тўпни қайтариш учун сакраган дарвозабон Менди устунга урилиб, жароҳат олди ва танаффусда алмаштирилди (Кепа ўйинни давом эттирди).

Параллел кечган учрашувда «Лестер» «Тоттенҳэм» билан дуранг қайд этиб, онлайн турнир жадвалида кўкларга етиб олган, фақат тўплар нисбатига кўра ортда эди.

Иккинчи бўлимда эса ўйинлар шиддати кучайди. Лестердаги ўйиннинг 52-дақиқаси: Жейми Варди яна бир пенальти ишлади ва уни аниқ ижро этиб, «тулкилар»ни олдинга бошлади — 2:1. Бирмингемдаги ўйиннинг 52-дақиқаси: Жоржинью ўз жамоаси жарима майдонида Бернард Траорега нисбатан эҳтиётсизлик билан ҳаракат қилди, 11-метрли жарима зарбаси, Анвар Ал-Ғозий гол урди, 2:0 «Вилла» фойдасига. «Челси» эса — топ-4дан ташқарида. Лекин қайд этиш керакки, иккинчи бўлимни лондонликлар жуда кучли бошлаган ва фақат мўъжиза туфайли бирменгемликлар гол ўтказишмаганди.

Бирмингемдаги ўйиннинг 70-дақиқаси. «Челси» «Вилла» жарима майдонини қамал қилди, Бен Чилуэлл Кристиан Пулишичнинг пасидан кейин ҳисобни қисқартирди - 2:1. Аммо меҳмонларга бу ҳисоб камлик қиларди. Бу вақтда «Лестер» олдинда борар, демак, «Челси» яна битта гол уриши талаб этиларди.

Лестердаги ўйиннинг 76-дақиқаси. «Тоттенҳэм» бурчак зарбаси амалга оширди, мезбонлар дарвозабон Каспер Шмейхель тўпга чиқишда хато қилди, Дэвинсон Санчес билан тўп учун кураш вақтида уни ўз дарвозасига киритиб юборди. 2:2.

Чемпионлар лигаси «Лестер»дан яна узоқлашди. Онлайн-жадвалда жамоанинг очколари «Челси»ники билан тенг, аммо тўплар нисбати икки пунктга ёмонроқ.

«Лестер»дан энди шунчаки учинчи голни уриш ва ғалаба қозониш талаб этиларди, аммо голни «Тоттенҳэм» урди. Ўйиннинг 87-дақиқасида иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Гарет Бэйл қарши ҳужум бошлаб берди ва Ҳарри Кейннинг пасидан кейин ўзи ҳужумни якунлади. У ўйин охирида рақиб ҳимоячиларини болаларча алдаб, яна бир гол урди - 2:4.

«Тулкилар»нинг Чемпионлар лигаси орзуси 24 дақиқа яшади. Бир ҳафта муқаддам ўз сейвлари билан «Лестер»га Англия Кубогини келтирган жамоа сардори Шмейхелнинг хатоси бу орзудан маҳрум қилди.

Кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида Англиядан Манчестернинг икки клуби, «Ливерпуль» ва «Челси» иштирок этади, «Лестер» эса Англия Кубоги билан овунади. Ҳолбуки бу жамоа мавсум давомида энг кўп вақт тўртликда бўлганди (242 кун).

Дарвоқе, бу ғалаба «Тоттенҳэм»га икки карра завқ берди, бу орқали жамоа Шимолий Лондон бўйича асосий рақиби «Арсенал»ни яна бир бор ортда қолдирди. Гап шундаки, «Арсенал» сўнгги тур арафасида «шпорлар»дан бир очко ортда қолаётганди, жамоа сўнгги турда «Брайтон»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди, аммо «Тоттенҳэм» ирода кўрсатиб, ғалабага эришгач, Артета шогирдлари еврокубоклардан маҳрум бўлди - саккизинчи ўрин. Райан Мейсон шогирдлари эса кейинги мавсум илк бор ўтказиладиган сирли Конференция лигаси йўлланмасига эга бўлди.

Лондон билан хайрлашиши ҳақида гап-сўзлар кундан кунга кўпаяётган Кейн эса сўнгги турдаги голи орқали чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлди (23 гол, Муҳаммад Салоҳда 22 гол), шунингдек, лиганинг энг яхши ассистенти учун совринни ҳам ўзиники қилди (13 узатма, кейинги энг яхши натижа Бруну Фернандешда - 12). Кейн 2015/16 ва 2016/17 йилги мавсумлардан кейин учинчи бор мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлди.

«Вест Ҳэм» «Саутҳэмптон»ни хотиржамлик билан мағлуб этиб (2:0), олтинчи ўринни эгаллаган ҳолда Европа Лигаси йўлланмасини сақлаб қолди - жамоа бу асрда тўртинчи бор еврокубокларда иштирок этади.

Якун:

«Ман Сити», «Ман Юнайтед», «Ливерпуль» ва «Челси» Чемпионлар лигасида иштирок этади,

«Лестер» ва «Вест Ҳэм» Европа Лигасига чиқди,

«Тоттенҳэм» Конференциялар лигасида ўйнайди.

Лигани тарк этганлар аввалроқ маълум бўлиб улгурганди: «Фулҳэм», «Вест Бромвич» ва «Шеффилд Юнайтед».

Top