15:19 / 25.05.2021
2220
2020 йил тез ёрдам шифокорларига 42та тажовуз ҳолати кузатилди

Айни пайтда бўлиб ўтаётган “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам: кафолатли, ишончли ва сифатли хизмат” мавзусидаги матбуот анжуманида РШТЁИМ директори Дониёр Алимовнинг маълум қилишича, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай шифокорларга тажовузлар давом этмоқда.

“Афсуски бу каби хунук ҳолат ҳануз давом этяпти. Жумладан, 2019 йилда 79 та, 2020 йил давомида  эса 42 та ҳолатда тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан тажовуз қилинган, айниқса, ўтган йил  бу ҳолат Андижон (9 та ҳолат) ва Фарғона (9 та ҳолат) вилоятларида кўпроқ кузатилган. 2021 йилнинг 5 ойида эса тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан тажовузлар 11 тани ташкил қилди.

Биз, вазирлик, вазиримизнинг ўзи бундай ҳолатларнинг ҳар бири бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига маълумот берамиз, керакли чоралар кўрилишини сўраймиз. Чунки шифокорларга ҳам махсус формадаги инсонлар, улар ҳам ҳимояланиши керак. Лекин ўша безорилик ҳолатларига лозим даражада жазо қўлланиляпти, дея олмаймиз. Албатта, бунга шифокорларнинг ўзи ҳам лойиқ ҳаракат қилса-чи, деган савол туғилиши мумкин. Аммо бу зўравонлик ҳуқуқини бермайди”.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бунга қўшимча равишда шундай деди:

“ОАВ вакилларидан шуни илтимос қилардик, ўшандай безорилик қилганларга нисбатан суд жараёнларини ҳам ёритиб беринглар. Уларнинг қилмишлари ёритиляпти, халқимиз хабар топяпти. Лекин уларга берилган жазони ҳам кўрсатиб берсак, бундай ҳолатлар камайишига эришардик”.

Top