14:07 / 27.05.2021
7449
Йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон мева-сабзавот экспорти ҳажми 9,6 фоизга кам бўлди

Бу йил мева-сабзавот экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга камайган. Ўтган йилдан бери мева-сабзавот экспорти пасайиб келмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январ-апрел ойларида қиймати 186 млн АҚШ долларига тенг бўлган 327,9 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинган.

2020 йилнинг январ-апрел ойларида эса озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми бўлган 185,4 млн доллар қийматли 362,6 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот экспорт қилинган.

Бу 2021 йилнинг 4 ойида экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга кам бўлганини кўрсатади.

Экспорт ҳажми қисқарганига қарамай, 2021 йилда мева-сабзавот экспортидан келган маблағ 2020 йилга қараганда 0,6 миллион долларга кўпайганини кузатиш мумкин.

Статқўмга кўра, 2020 йилда 2019 йилнинг мос даврига нисбатан (январ-апрел) мева ва сабзавотлар экспорти 42,4 фоизга камайганди.

2021 йилнинг 4 ойида ушбу маҳсулотлар энг кўп экспорт қилинган:

  • мева ва резаворлар – 34,3 минг тонна,
  • қуритилган мева ва резаворлар – 23,1 минг тонна,
  • сабзавотлар – 263 минг тонна,
  • қалампир – 5,4 минг тонна,
  • узум – 2 минг тонна,
  • майиз – 14,5 минг тонна,
  • ерёнғоқ – 8,4 минг тонна,
  • тарвуз-қовун – 309,8 тонна.

Ўзбекистон 2021 йилнинг январ-апрел ойларида мева ва сабзавотларни энг кўп экспорт қилган ТОП-10 давлатлар рўйхатида Қозоғистон етакчилик қилмоқда:

  • Қозоғистон – 41,4 млн.
  • Россия – 37 млн.
  • Хитой – 24,3 млн.
  • Покистон – 20 млн.
  • Қирғизистон – 15,7 млн.
  • Афғонистон – 10,7 млн.
  • Украина – 4,3 млн.
  • Туркия – 4 млн.
  • Озарбойжон – 3,6 млн.
  • Туркманистон – 3,3 млн.

Шунингдек, Ўзбекистон Беларусь (2,6 млн), Германия ( 2,4 млн), АҚШ (2,3 млн), БАА ( 2,0 млн), Тожикистон (2,0 млн), Ироқ (1,5 млн) ва бошқа давлатларга (8,7 млн АҚШ доллари) мева ва сабзавот экспорт қилган.

Top