20:22 / 01.06.2021
7631
АПЛда мавсумнинг энг яхшилари бўлиш учун номзодлар эълон қилинди

Англия премьер-лигасида мавсумнинг энг яхшиларини аниқлаш учун овоз бериш жараёни бошланди.

Англия Премьер-лигаси ўз сайтида якунланган мавсумнинг энг яхши футболчиси, энг яхши мураббий, энг яхши ёш футболчи ва энг чиройли гол муаллифларини аниқлаш учун номзодлар рўйхатини эълон қилди.

Мавсумнинг энг яхши футболчисига бериладиган соврин учун Кевин Де Брюйне, Рубен Диаш (иккиси — «Манчестер Сити»), Бруну Фернандеш («Манчестер Юнайтед»), Жек Грилиш («Астон Вилла»), Ҳарри Кейн («Тоттенҳэм Ҳотспур»), Мэйсон Маунт («Челси»), Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль») ва Томаш Соучек («Вест Ҳэм Юнайтед») кураш олиб боради. 

Мавсумнинг энг яхши бош мураббийи бўлиш учун номзодлар қаторида Марсело Бьельса («Лидс Юнайтед»), Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити»), Дэвид Мойес («Вест Ҳэм Юнайтед»), Брендан Роджерс («Лестер Сити») ва Оле-Гуннар Сульшер («Манчестер Юнайтед») номлари келтирилган.

«Челси» билан ЕЧЛ ғолиби бўлган Томас Тухель (у мавсум ўртасида Френк Лэмпард ўрнига тайинланганди) ҳамда ўтган мавсумда «Ливерпуль» билан чемпион бўлиб, бу мавсумда совринсиз қолган Юрген Клопп (мерсисайдликлар бу мавсумда учинчи ўринни эгаллашди) номзодлар рўйхатига киритилмади. Чемпионатни Бьелса мураббийлигидаги «Лидс» тўққизинчи, Мойеснинг «Вест Ҳэм»и олтинчи, Роджерс бошқарувидаги «Лестер» бешинчи ўринда якунлади.

Мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга даъвогарлар: Фил Фоден, Рубен Диаш (иккиси – «Манчестер Сити»), Маркус Рэшфорд («Манчестер Юнайтед»), Мэйсон Маунт («Челси»), Иллан Мелье («Лидс»), Доменек Кэльверт-Льюин («Эвертон»), Букайо Сака («Арсенал»), Деклан Райс («Вест Ҳэм»).

Бунгача Рубен Диаш журналистлар талқинига кўра мавсумнинг энг яхши ўйинчиси деб топилганди.

Мавсумнинг энг чиройли голи муаллифи бўлиш учун даъвогарлар: «Лестер» яримҳимоячиси Мэддисон («Сити»га 27 сентябрда урилган), «Вест Ҳэм» яримҳимоячиси Лансини («Тоттенҳэм»га 18 октябрда урилган), «Фулҳэм» футболчиси Айна («Вест Бром»га 2 ноябрда урилган), «Вест Ҳэм» собиқ ҳужумчиси Себастьян Аллер («Кристал Пэлас»га 16 декабрда урилган), «Ливерпуль» ҳужумчиси Салоҳ («Вест Ҳэм»га 31 январда урилган), «МЮ» яримҳимоячиси Фернандеш («Эвертон»га 6 февралда урилган), «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Эрик Ламела («Арсенал»га 14 мартда урилган), «Вест Ҳэм» ҳужумчиси Лингард («Вулверҳэмптон»га 5 апрелда урилган) ва «МЮ» ҳужумчиси Кавани («Фулҳэм»га 18 майда урилган).

Эслатиб ўтамиз, 2020/2021 йилги мавсумда «Манчестер Сити» чемпион бўлди. Кейинги ўринларда «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль» ва «Челси» жойлашди. Мавсумнинг энг яхши тўпурари бу пойгада сўнгги турдаги голи эвазига Салоҳни ортда қолдирган Кейн бўлди. У энг кўп голли узатмалар бериш борасида ҳам биринчи бўлди, «Тоттенҳэм» етакчиси бу борада Де Брюйне, Фернандеш ва Грилишни ортда қолдирди.

Top