21:57 / 01.06.2021
14267
«Айритом» чегара божхона постида рақамли мажмуалар ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз туманидаги «Айритом» чегара божхона постини бориб кўрди.

Маълумки, бу иншоот Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ягона ўтказиш пунктидир. Мамлакатимизнинг Афғонистон, умуман, Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари жадал ривожланмоқда. Мазкур божхона пости шунга яраша замонавий қилиб қайта қурилди. Ўзбекистондан чиқиш ва Афғонистон томондан юртимизга кириш йўналишида паспорт назорати ва божхона кўриги заллари барпо этилди.

Давлат раҳбари ушбу янги мажмуаларда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Чегара божхона пости «Рақамли Ўзбекистон - 2030» дастури доирасида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Масалан, «Z-Portal» русумли кўрик мажмуаси автотранспорт воситаларини уч томондан суратга олиш салоҳиятига эга. Шунингдек, унда радиация миқдори минимал бўлиб, ҳайдовчи машинадан  тушмасдан хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бу бир соатда 200 тагача автотранспортни ўтказиш имконини беради. Юртимиздаги бошқа божхона постларида бундай қувват соатига 20 та. Умуман, чегара божхона постида бир кеча-кундузда 2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатилиши мумкин.

«Бугунги ҳаётимизга бу маъқул. Лекин дунё соат сайин ўзгармоқда. Энди янги поғонага чиқиш керак. Бу ерда ситуацион марказ билан бирга таҳлил маркази ҳам бўлиши зарур. Иқтисодий манфаатдорликни ошириш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича янги таклифлар бериб бориш керак», - деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир ўзига хос жиҳати, «Айритом»да бирйўла уч хил - поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади. Шу боис, ўтказувчанликни тезлаштириш ва фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ягона дарча тамойили жорий этилган. Хавфсизликни таъминлаш учун «Adani» ва «Rapiscan» русумли қурилмалар, видеокузатув тизими ўрнатилган.

Президент шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Top