Болтиқ денгизида 6 июнда НАТОнинг катта кўламли ҳарбий-денгиз машғулотлари Baltops бошланди. 18 июнгача давом этадиган машғулотларда НАТОга аъзо 16та давлат ҳамда Швеция ва Финландия ҳарбийлари иштирок этмоқда.

Ҳаммаси бўлиб машғулотларда 40та кема, 60та самолёт ва вертолёт ҳамда 4 минг ҳарбий иштирок этади. Улар давомида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа, миналар ва кемаларга қарши кураш ҳамда Литва соҳилида десант ташлаш машқлари сайқалланади.
Машғулотларга қўмондонлик қилаётган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари 6-тезкор флоти қўмондони вице-адмирал Жин Блэкнинг таъкидлашича, “жорий йилда НАТО ўзаро ҳаракатланиши негизини ташкил қилувчи Baltops машғулотлари 50 йиллиги нишонланади”.
Машғулотлар икки босқичда ўтказилади. Дастлабки 6 кун давомида кемалар, самолётлар ва вертолётлар Дания бўғозлари ҳудудида ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаради. Сўнгра машғулотлар Болтиқ шарқига кўчади.
Машғулотлар бошқаруви АҚШ 6-тезкор флотининг Mount Whitney кемасидан амалга оширилади.
Аввалроқ Baltops’да иштирок этиш учун Болтиқ денгизига АҚШнинг Roosevelt ракета эсминеци кирганди.
Baltops машғулотлари 1971 йилдан бери мунтазам равишда ўтказиб келинади.