22:50 / 09.06.2021
7483
Мўғулистон президенти сайловлари натижалари эълон қилинди

Мўғулистон президенти сайловларида ҳукмрон Мўғулистон халқ партияси раиси, 52 ёшли Ухнаагийн Хурэлсух ғалаба қозонди.

Маълумотларга кўра, мамлакатда президентлик муддати билан боғлиқ конституцион ўзгаришлардан кейин ўтган биринчи президент сайловларида Хурэлсух 776 минг овоз тўплаган. Унинг рақиблари Дангаасурэнгийн Энхбатга 235 минг, Содномзундуйн Эрдэнэга эса 67 минг сайловчи овоз берган.

Сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2 млндан зиёд мўғулистонликнинг 1,17 млндан кўпроғи иштирок этган ва давомат 53 фоизга яқинни ташкил қилган.

Мамлакат конституциясига 2019 йилда киритилган ўзгаришга кўра, президент бир муддат 6 йилга сайлана олади.

Шу сабабли 2017 йилда мамлакат президенти этиб сайланган Халтмаагийн Баттулга жорий сайловларда иштирок эта олмаган.

Top