19:41 / 15.06.2021
6881
Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан уй-жойи бузилган фуқарога 1,5 миллиард сўм ундириб берилди

Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан уй-жойи бузилган фуқарога 1,5 миллиард сўм ундириб берилган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 26 январдаги қарорига кўра, Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан Н.О.нинг фойдасига бузилишга тушган уй-жой ва шу манзилда жойлашган савдо дўконининг қурилишига кетган сарф-харажатлар учун 1 миллиард 514 миллион 919 минг сўм компенсация ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати МИБ Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, қарздор томон Самарқанд шаҳар ҳокимлигига ижро ҳужжатининг ижросини ихтиёрий равишда таъминлаш учун муддат берилган. Шунингдек, Қонуннинг 71-моддасига асосан, давлат ижрочиси томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимлигига 1 миллиард 514 миллион 919 минг сўм компенсация пулларини тўлаб бериш мажбурият юклатилган.

Шу билан бирга, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимлигига эслатма хати юборилган.

Ижро тадбирлари давомида Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан 1 миллиард 514 миллион 919 минг сўм компенсация пуллари тўлиқ ундирилиб, ундирувчи Н.О.га тўлаб берилган ҳамда ижро ҳужжати амалдаги Қонуннинг 41-моддаси 1-қисмига асосан тугатилган.

Top