22:10 / 16.06.2021
18362
1-синфга қабул: 6 ёшдан бола қабул қилинмайди, аризаларни онлайн топшириш ҳам мумкин

15 июндан бошлаб мактаблар 1-синфига ўқувчилар қабули бошланди. Kun.uz «Кун мавзуси» рукнида мактабларга қабул тартиби ва бошқа саволлар билан халқ таълими мутаcаддисига мурожаат қилди.

Саволларга Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармасининг Умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Фаррух Болтаев жавоб берди.

Мактабларнинг 1-синфларига қабул қачондан бошланади ва қачонгача давом этади?

2021/22 ўқув йили учун республикадаги барча умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул кеча, 15 июндан бошланди ва 15 августга қадар давом этади.

Биринчи навбатда, 15 июнь санасидан 15 июлга қадар 1-синфга борадиган бола оиласи билан муқим яшайдиган микроҳудудда жойлашган мактабларга ҳужжатлар топширилиши амалга оширилади.

Иккинчи навбатда, агар ота-оналар ўзлари яшайдиган микроҳудуддан ташқаридаги ҳудуддаги мактабга боласини ўқишга бермоқчи бўлишса, 16 июлдан 15 августга қадар бошқа микроҳудудга тааллуқли бўлган мактабга, агар ўша мактабда қўшимча ўринлар (квоталар) мавжуд бўлса ҳужжат топшириб, қўйишлари мумкин.

Мактабларга болалар неча ёшдан қабул қилинади ва қандай ҳужжатларни топшириш талаб этилади?

«Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига биноан, мактабларнинг 1-синфларига таълим йилида 7 ёшга тўладиган ўқувчилар қабул қилинади. Жорий, 2021/22 ўқув йили учун 2014 йилнинг 1 январидан 31 декабри оралиғида туғилган болалар 1-синфга қабул қилинади.

Мактабга қабул қилиш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур бўлади:

  1. Ота-онасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (нусхаси);
  2. Боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси (нусхаси);
  3. 35×45 мм ўлчамли 4 дона рангли фотосурат;
  4. Тиббий маълумотнома;
  5. Умумтаълим мактаби директори номига ариза.

Ҳужжатларни онлайн топширса ҳам бўладими?

Айни пайтда тест-драйв тарзида Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек барча вилоят марказларида my.maktab.uz портали орқали умумтаълим мактабларининг 1-синфига борадиган болаларнинг ота-оналари онлайн равишда ҳужжат топшириш имконияти яратилган.

Мактабларга қабул учун қандайдир тўлов ёки синов назарда тутилганми?

Умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилиш мутлақо текин. Ҳеч қандай тўлов ёки синов назарда тутилмаган.

Болани мактабга 6 ёшдан қабул қилишни шартлари қандай? Қайси норматив ҳужжатга кўра, 6 ёшдан болани мактабга қабул қилиш чекланган? Истиснолар борми?

2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида белгиланишича, умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Бола мактабга 6 ёшдан қабул қилинмайди. Ҳеч қандай истиснолар белгиланмаган.

Бола бошқа микроҳудудда жойлашган мактабга қандай қабул қилинади?

Боланинг ота-онаси ўз фарзандини ўзлари яшайдиган микроҳудуддан ташқарида жойлашган мактабда ўқитиш истагини билдирса, бу 16 июлдан 15 августга қадар – иккинчи навбатда ҳужжат қабул қилиш амалга оширилади.

Микроҳудуддан ташқаридаги мактабда ортиқча бўш ўринлари (қўшимча квота) мавжуд бўлса, квота асосида ўша мактабга қўйишлари мумкин.

Масалан, микроҳудуддаги мактабда қўшимча 20 та ўрин квотаси бўлса, лекин аризалар сони 35 та бўлса, ота-оналари энг дастлаб ариза топширган 20 та бола ариза санасига қараб қабул қилинади.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top