08:32 / 21.06.2021
20992
Тошкентда ўлдирилган кореялик Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси мураббийи бўлган

Тошкентдаги жанжалда вафот этган кореялик Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси мураббийи бўлган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ маълумотида айтилади.

“2021 йил 15 июнь куни соат 04:00ларда Чилонзор туманида Жанубий Корея Республикасининг 44 ёшли фуқароси К.Д. маст ҳолда жанжал пайтида таниши - “Taekwondo WTF” ассоциациясида мураббий бўлган 39 ёшли Жанубий Корея фуқароси К.Ж.Ю.га пичоқ билан зарба берган ва шу тариқа унга оғир тан жароҳати етказган”, дейилади ИИББ хабарида.

Аввалроқ, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти воқеа тафсилотларини маълум қилганди.

Қайд этилишича, 2021 йил 15 июн куни соат тахминан 04:00ларда Корея Республикаси фуқароси, 44 ёшли К. Д. маст ҳолатда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, Дўмбиробод 4-тор кўчасида жойлашган уйларнинг бирида бўла туриб, шу ерда бўлган юртдоши 40 ёшли К.Ж. билан юзага келган келишмовчилик натижасида ўткир тиғли жисмни К.Ж.га қарата отиб, тан жароҳати етказган. 

Натижада, К.Ж. тан жароҳатлари билан РШТЁИМга олиб борилган. 16 июнь куни жабрланувчи олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Шу куни К.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Top