09:14 / 23.06.2021
379
Навоийда МИБ томонидан 5 ойда 190 миллиард сўм ундирилган

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганидан буён ҳозирги кунга қадар Навоий вилояти бошқармаси томонидан 2 триллион 514 миллиард сўмлик ҳужжатларнинг ижроси таъминланган. Бу ҳақда 21 июнь куни ташкил этилган брифингда бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Шоҳрух Узоқов маълум қилди.

Таъкидланишича, МИБ Навоий вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида жами 328 миллиард сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланиб, 20 731 та ижро ҳужжати бўйича 190 миллиард сўм ундирилган. Давлат фойдасига ундирув ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 миллиард сўмга ортган.
 
Ундирилган пулларнинг 122 миллиард сўми хўжалик юритувчи субъектлар ва 14,8 миллиард сўми фуқаролар фойдасига тўғри келади. Шунингдек, солиқ қарздорлиги бўйича 42,5 миллиард сўм ундирилган бўлса, давлат даромадига ўтказилган мол-мулклар ижроси билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 590 миллион сўм пул келиб тушган.

Ушбу даврда ноқонуний ишдан бўшатилган ва суд қарорлари асосида ишга тикланган 100 нафардан ортиқ шахснинг тўланмай қолган 734 миллион сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган.  

Маълум қилинишича, кейинги пайтларда алиментга оид ижро ҳужжатлари сони кескин ортмоқда. Айни вақтда давлат ижрочиларининг иш юритувида қолдиқда бўлган 34 221 та ижро ҳужжатининг 11 137 таси айнан алимент масаласига оид.

Top