13:53 / 25.06.2021
7663
Сенат халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг қарорини бекор қилди 

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида Қарши тумани кенгашининг 2020 йил 16 апрелдаги “Туманда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, фермерларнинг молиявий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги 34/06-06-сонли қарорини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Аниқланишича, Қарши тумани ҳокимининг 2019 йил 13 февралдаги X-1749/02-сонли қарорига асосан фермер хўжалигини ташкил этиш учун фуқаро Д.Элмуродовга 10,1 гектар ер майдони 49 йилга ижарага ажратиб берилган. Бироқ, халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил 16 апрелдаги 34/06-06-сонли қарори амалдаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган.

Жумладан, халқ депутатлари Қарши тумани кенгашининг 2020 йил 16 апрелдаги 34/06-06-сонли қарори билан Дилшод Элмуродов (“Боғи обод агро” фермер хўжалиги) ва яна 16 нафар деҳқон ва фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинган.

Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Ер кодексининг 24-моддаси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Бундан ташқари, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган бўлса-да, қарор қабул қилишда деҳқон ва фермер хўжалиги раҳбарларининг иштироки таъминланмаган ва унга ҳолат бўйича ўз фикрларини билдириш имконияти берилмаган.

Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.

Шу жиҳатдан халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг мазкур қарорини бекор қилиш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Top