08:26 / 28.06.2021
13668
Бухорода 10дан ортиқ эркакка таносил касаллигини қасддан юқтирган аёл аниқланди

Бухорода 10 дан ортиқ эркакка таносил касаллигини қасддан юқтирган аёл аниқланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Қоракўл туманида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган 26 ёшли аёл 2021 йил 20 май кунидан таносил касаллигини юқтириб олган шахс сифатида Бухоро вилояти Тери-таносил касалликлар диспансери томонидан рўйхатга олинган.

У таносил касаллигини бошқа шахсларга юқтирмаслик, бундай хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилиб тилхат олинган бўлишига қарамасдан, жорий йилнинг 25 май кунидан 6 июн кунига қадар бўлган вақт оралиғида Жондор туманида яшовчи 25-30 ёшлар атрофидаги 10дан ортиқ шахслар билан турли жойларда ўзининг таносил касаллигига чалинганини билган ҳолда ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, бу фуқароларга таносил касаллигини юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 113-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, бугунги кунда авж олиб бораётган ОИВ инфекцияси ва шу каби таносил касаллигини юқтириб олмаслик мақсадида соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, тартибсиз жинсий муносабатларга киришмаслигингизни сўраб қоламиз. Шунда ўзингиз, оила аъзоларингиз, яқинлар ва атрофдагиларни тузатиб бўлмас юқумли касалликларга чалинишдан асраб қолган бўласиз”, дейилади маълумотда. 

Top