15:01 / 29.06.2021
2910
Ўзбекистонга яна 1 млн доза ўзбек-хитой вакцинаси олиб келинди

29 июнь куни Ўзбекистонга яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди. Бу ушбу вакцинанинг мамлакатга келтирилган 6-партияси ҳисобланади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

29 июнь куни ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг навбатдаги 1 млн дозаси Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бу ушбу вакцинанинг Ўзбекистонга келтирилган 6-партияси бўлиб, бундан аввал ZF-UZ-VAC2001нинг:

  • 27 мартда — 1 миллион доза,
  • 27 апрелда — 1 миллион доза,
  • 18 майда — 1 миллион доза,
  • 19 майда — 500 минг доза,
  • 10 июнда — 1 миллион доза партиялари келтирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг вакцина захираси 6,4 миллион дозага етди ва шундан ҳозигача 3,4 млн дозадан ортиғи вакцинация жараёнларида қўлланди.

30 июнь куни ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан яна 1 млн доза олиб келиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги суткадаги эмлаш жараёнида коронавирусга қарши 130 мингга яқин вакцина қўлланди. Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 3 409 257 доза вакцинадан фойдаланилган, уларнинг 1 174 587 дозаси иккинчи ва 236 043 дозаси учинчи босқичда қўлланган. Шунга кўра, мамлакатда жами эмланганлар сони 1 998 627 кишини ташкил этмоқда.

Мамлакатда июнь ойи охиригача 4 миллион кишини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайди. Энди 50 ёш ва ундан катталар бепул вакцина олиши мумкин. Тошкентда 28 июндан 18 ёшдан катта бўлган барча қатлам коронавирус инфекциясига қарши давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланади.

Бундан олдинроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистонга Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакцина келиши кутилаётгани тўғрисида маълумот берганди. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top