10:26 / 02.07.2021
3762
Тошкентда Пирогов номидаги Россия тиббиёт университети филиали ташкил этилди

“Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилди. 

Филиал фаолиятининг асосий йўналишларидан бири соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун муҳим илмий-амалий муаммоларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳисобланади.  

Филиал университетнинг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида таркибий бўлинмаси бўлиб, таълим жараёни рус тилида олиб борилади.

Филиал таълим фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди. Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон фуқароларидан 35 нафарининг қуйидаги мутахассисликлар бўйича ординатура дастурларига мувофиқ университетда таълим олиши ташкил этилади: 

  • радиология;
  • онкология;
  • гематология;
  • болалар онкологияси;
  • эндокринология;
  • нефрология;
  • пульмонология;
  • рентгенэндоваскуляр ташхис ва даволаш;
  • юрак-қон томир жарроҳлиги;
  • педиатрия;
  • аллергология ва иммунология;
  • нейрохирургия.

Давлат гранти асосида таҳсил олган филиал битирувчилари Ўзбекистон давлат тиббиёт муассасаларида камида 5 йил ишлаш шарти билан ишга тақсимланади.

Top