12:17 / 06.07.2021
4328
“Кунчиқар юрт” визаси турлари, муддатлари, уни олиш тартиби ва зарурий ҳужжатлар

UzbekLife жамоаси жаҳон мамлакатлари визалари ҳақидаги мақолалар туркумини давом эттиради. Мазкур мақолада “Кунчиқар юрт” ҳисобланмиш – Япония визаси турлари, муддатлари, уни олиш тартиби ва зарурий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Японияни ҳозирги кунда Осиёдаги ҳам иқтисодий, ҳам илм-фан ривожланган мамлакатлардан бири десак хато бўлмайди. БМТ тақдим этган маълумотларга кўра, 2020-2021 йилларда иқтисоди ривожланган мамлакатлар рейтингида, ялпи ички маҳсулотига кўра, Япония (АҚШ ва Хитойдан сўнг) 3 ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, япон халқининг ўзига хос юқори даражадаги тартиблилиги ва меҳнатсеварлиги технологиялар ва ишлаб чиқариш соҳасида катта ютуқларга эришишига сабаб бўлди.

Япония визасини олиш учун даъвогар у яшаётган ёки унга энг яқин давлатдаги япон элчихонаси ёки консуллигига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Баъзи ҳолларда, сизда япон элчихонаси ёки консуллигида расман аккредитациядан ўтган туристик агентлар орқали ҳам виза учун ариза топшириш имконияти мавжуд.

Ариза топшириш учун зарурий ҳужжатлар рўйхати саёҳат мақсади, муддати ҳамда аризачи фуқаролигига қараб ўзгариши мумкин.

Виза олиш учун ҳужжатлар элчихонага тақдим қилинганидан сўнг 5 кун ичида жавоб берилади. Албатта, бу муддат нисбий бўлиб, тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқлиги ва аризачининг ташриф мақсадларига боғлиқ. Агарда топширилган ҳужжатлар ва ташриф мақсадига оид муаммолар бўлса, элчихона ҳужжатларни Япония Ташқи ишлари вазирлигига тақдим этади ҳамда ҳужжатларни ўрганиш жараёни бир ойдан кўпроқ давом этиши мумкин. Шу боисдан виза олиш учун сиз режалаштираётган саёҳат кунидан камида 30-35 кун олдинроқ элчихонага ҳужжатларни тақдим этишингизни маслаҳат берамиз.

Виза турлари

Япон визаси бир марталик ва кўп марталик кириш имкониятини берувчи визаларга бўлинади. Бир марталик япон визасининг яроқлилик муддати у берилган кундан эътиборан 3 ой бўлиб, Японияда 15-30 кунгача бўлишга рухсат беради. Афсуски, мазкур виза муддатини узайтириш имкони мавжуд эмас. Шу сабабдан, визанинг муддати тугашидан аввалроқ Минтақавий иммиграция бюросига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ саналади.

Кўп марталик визалар асосан тадбиркорларга берилади. Уларнинг амал қилиш муддати 1 йилдан 5 йилгача бўлиб, мазкур вақт ичида Японияга исталганча кириш ҳуқуқини беради.

Ёдда тутингки, япон маҳаллий қонунларига кўра, хорижлик фуқаролар ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар олиб юришлари шарт!

Виза учун йиғимлар мавжуд бўлиб, бир марталик кириш визаси учун 3000 иена, кўп марталик виза учун 6000 иена тўланади. Дарвоқе, агарда фуқаро Япония орқали учинчи мамлакатга учаётган бўлса, транзит визасини олиши лозим. Бундан ташқари транзит визаси олган шахслар Токио ва унинг атрофида 72 соатгача қолиш имконини беради. Транзит визаси учун элчихона йиғими 700 иенага тенг (тахминан 67000 сўм). Унутманг! Мазкур йиғимлар саёҳат мақсади ҳамда аризачининг қайси мамлакат фуқаролигига қараб ўзгариши ёки умуман тўланмаслиги мумкин.

Япон визаси қуйидаги талабларга мувофиқ келувчи шахсларга тақдим этилади:

-        Аризачи амалдаги хорижга чиқиш паспорти бўлиши ва ўз давлатига қайтиб кириши учун тақиқ қўйилмаган бўлиши;

-        Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўлиқлиги;

-        Виза эгаси қочоқлик мақомида бўлмаслиги зарур.

Япон визаси учун зарурий ҳужжатлар:

- виза учун анкета 2 нусхада Япония элчихонасида берилади;

- 2 дона 4,5х4,5 ҳажмдаги биометрик фотосурат (яқинда тушилган, сурат оқ фонда, шахснинг юзи фотосуратнинг 80 фоизидан кам бўлмаслиги зарур);

- шахснинг молиявий ҳолати тўғрисида банк маълумотномаси;

- иш жойидан маълумотнома (шахс лавозими ҳамда унинг йиллик даромади кўрсатилиши зарур);

- хорижга чиқиш паспорти;

- бориш-келиш электрон чипталари нусхаси;

- СТИР (агарда саёҳат туристик фирма орқали амалга оширилаётган бўлса);       

Мазкур ҳужжатлар Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига аризачи томонидан шахсан тақдим этилади.

Эътибор беринг! агарда япон визаси учун тақдим этган аризангизга рад жавоби берилса, виза учун тўлов олинмайди.     

Японияга ташриф буюриш учун тиббий суғурта олиш мажбурий эмас. Бироқ, Японияда шифокор, тиббий ёрдам ва бошқа хизматларни нархи юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, кўнгилсиз ҳолатлар олдини олиш учун суғурта қилишингизни тавсия этамиз.

Аслиддин Аннаев

UzbekLife колумнисти

Top