20:32 / 07.07.2021
4843
Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Миллий стратегия тасдиқланди

1 июль куни «2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан «2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси» ва «Миллий стратегиясини амалга ошириш юзасидан «йўл харитаси»га кўра, қуйидагилар стратегиянинг устувор йўналиш ва мақсадлари этиб белгиланди:

  • экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишининг олдини олиш мақсадида ватанпарварлик, анъанавий қадриятлар ва бағрикенглик мафкурасини тарғиб қилиш;
  • вояга етмаганлар ва ёшлар орасида экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишининг олдини олиш;
  • аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги ролини кучайтириш;
  • узоқ муддат хорижда бўлган фуқароларни экстремизм ва терроризм ғоялари таъсиридан ҳимоя қилиш;
  •  Интернет жаҳон ахборот тармоғидан экстремистик ва террорчилик мақсадларида фойдаланишга қарши курашиш;
  •  фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини экстремизм ва терроризмга қарши курашишга кенг жалб қилиш;
  • экстремистик ва террорчилик ҳаракатларини содир этганлик ҳамда уларни молиялаштирганлик учун ҳуқуқий таъқиб ва жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш;
  • экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
  •  ушбу соҳадаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш.

Ҳужжатда маълум қилинишича, ҳукумат бундан кейин ҳам диний сабабларга кўра бузғунчи мафкуралар таъсиридан жабр кўрган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этади.

Шунингдек, ҳужжатда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва маърифатини ошириб бориш, диний соҳада диний ва дунёвий билимларни эгаллаган, фуқаролар орасида диний асосдаги экстремизм мафкурасига қарши иммунитетни шакллантира оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларини экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ишларига фаол жалб этиш белгиланган.

Вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар «Йўл харитаси»да белгиланган тадбирлар ижроси бўйича ҳар ярим йиллик якунида Давлат хавфсизлик хизматига маълумотларни тақдим этиши, ДХХ раиси (Абдусалом Азизов) эса умумлаштирилган маълумотлар ва аниқ таклифларни Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратига тақдим этиб боришга масъул қилиб белгиланган.

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати стратегия ижросининг аҳволи тўғрисида ҳар ярим йилликда Ўзбекистон президентига ахборот бериб боради.

Ушбу Стратегияни уч босқич - 2021-2026 йилларда амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Top