12:42 / 09.07.2021
4133
Ариза камида 30 кун олдин топширилиши керак – Сингапур виза тартиби ҳақида

UzbekLife визалар мавзусидаги навбатдаги мақолани тақдим этади. Сиз Сингапурга боришни режалаштираётган бўлсангиз, ушбу контент орқали бу ҳақида зарур ва қизиқарли бўлган бир қанча маълумотларга эга бўласиз.

 

Сингапур визасининг умумий таснифи

Сингапур визаси сизга Сингапур кириш пунктида ҳозир бўлишга имкон беради. У ерда виза эгалари Иммиграция ва назорат пунктлари идораси (ИСА) ходимлари томонидан текширилади. Айнан ушбу ташкилот ташриф буюрувчиларнинг мамлакатга кириш талабларига жавоб бериш-бермаслигини ҳал қилади.

Сингапур визасини олиш учун ариза Сингапурга келишдан камида 30 кун олдин топширилиши керак. Шуни ёдда тутингки, сизнинг Сингапур визасини олишингиз бу мамлакатга эркин киришингиз кафолати эмас, чунки Сингапур визаси фақатгина киришолди рухсатнома ҳисобланади. Яъни виза олгандан сўнг ҳам жавоб берилиши керак бўлган бир қанча талаблар мавжуд.

Агар сиз ушбу талабларга жавоб берсангиз, сизга Сингапурга кириш учун махсус рухсатнома берилади. Сиз ушбу рухсатнома муддати битгунга қадар мамлакатда қолишингиз мумкин бўлади. Масалан, Сингапур туристик визаси учун, 90 кунлик умумий муддатда энг кўпи билан 30 кун давомида амал қиладиган Ташриф рухсатномасини оласиз.

Виза режими хусусиятлари

Дунё давлатларининг аксарияти Сингапурга визасиз эркин киришлари мумкин. Бунинг устига виза олишлари шарт бўлган давлатлар учун ҳам ариза бериш жараёни анчагина соддалаштирилган. Сиз исталган вақтда онлайн тарзда Сингапур визасига ариза топширишингиз мумкин. Чунки Сингапур электрон виза (eVisa) тизимини жорий қилган.

Фуқаролари Сингапурга кириш учун виза олиши шарт бўлган мамлакатлар икки тоифага бўлинган.

1)   Баҳолаш даражаси I бўлган мамлакатлар;

2)   Баҳолаш даражаси II бўлган мамлакатлар.

Мамлакатингиз қай тоифага мансублиги ариза бериш жараёнининг бир қисмини ҳамда визаларни кўриб чиқиш вақтини белгилайди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси 1-тоифа мамлакатлар қаторига киради.

Сингапур визасига қандай ариза топшириш мумкин?

Ҳар иккала тоифага мансуб мамлакатлар Сингапур визаси учун қуйидаги усуллардан бири орқали мурожаат қилишлари мумкин:

§ Онлайн тарзда. ICA электрон хизматидан фойдаланган ҳолда Сингапур маҳаллий фуқароси билан алоқа қилиш ёки стратегик шерик топиш орқали;

§ Сингапур дипломатик ваколатхонасида.

Виза анкетасини тўлдириш, ҳужжатларни тўплаш каби ҳаракатларни ўзингиз амалга оширсангиз ҳам, Сингапур визасига аризани ўзингиз топшира олмайсиз. Сиз учун Сингапур визасига ариза топширадиган ваколатли виза агенти, стратегик шерик ёки Сингапурда маҳаллий аҳоли вакилини топишингиз керак.

Виза бўйича ваколатли агентлар ва стратегик шериклар – Сингапур ҳукумати виза учун ариза топширишга рухсат берган сайёҳлик агентликлари ҳисобланади. Улар сизнинг номингиздан Иммиграция ва назорат пунктлари идораси (ICA) веб-сайтида Виза учун аризани электрон шаклда топшириш (SAVE) платформаси орқали ариза топширишлари мумкин.

Ваколатли агентлар ва стратегик шериклар ҳақида батафсил маълумотни энг яқин Сингапур дипломатик ваколатхонасидан олишингиз мумкин.

Эслатма, Ўзбекистон Республикасида Сингапур давлатининг расмий элчихонаси мавжуд эмас.

 Сингапурлик маҳаллий аҳоли (фуқаро ёки доимий яшовчи) вакили орқали визага ариза топшириш жараёни бевосита ўзингиз таниган, ишонадиган шахснинг сиз учун визага ариза топшириши билан кечади. Ушбу шахс камида 21 ёшда бўлиши керак. Агар сиз Сингапур дипломатик ваколатхонаси орқали мурожаат қилсангиз, виза талаблари ва ариза бериш жараёни тўғрисида улар билан боғланишингиз лозим. Шунингдек, Сингапур визасини расмийлаштириш учун тўловни тўлашингиз керак бўлади.

Сингапур визасини олишдаги талаблар

Барча мамлакатлар сингари Сингапур визасини олиш учун ҳам бир қанча талаблар мавжуд. Улар қуйидагилардир:

1.    Сингапур визаси учун тўлдириладиган ариза шакли. Ушбу ариза формасида шахсий маълумотларингиз, оилавий аҳволингиз, Сингапурда қаерда яшашингиз, ўз мамлакатингиздаги манзилингиз, ташрифингиз мақсади, яшаш жойингиз ва бошқалар билан боғлиқ саволларга жавоб беришингиз керак. Ҳужжатга ўзингиз имзо чекишингиз зарур.

2.    Паспортингиз / саёҳат ҳужжатингиз. Виза муддати тугаганидан кейин камида олти ой давомида амал қилиши шарт.

3.    Паспорт маълумотларининг фотонусхаси. А4 форматида бўлиши керак.

4.    Олдиндан банд қилинган авиачипта ёки саёҳат маршрутининг фотонусхаси. А4 форматда.

5.    Паспорт ўлчамидаги расмингиз. Ушбу расм сўнгги уч ой ичида олинган бўлиши, оқ фонга эга бўлиши ва олдинга қараб турган, нейтрал юз ифодасини акс эттириши керак. Агар диний сабабларга кўра бўлмаса, сизга бош кийим кийишга рухсат берилмайди. Шунга қарамай, бош кийим юзга тўсқинлик қилмаслиги зарур.

6.    Таништирув хати. Ушбу ҳужжат сиз алоқа боғлаган маҳаллий аҳоли вакили ёки стратегик шеригингиз томонидан имзоланиши ва аризангизга илова қилиниши керак. Таништирув хати орқали сизнинг шахсий маълумотларингиз, Сингапурга ташриф сабабингиз, қанча вақт туришингиз, шунингдек, сиз ва улар ўртасидаги муносабатлар таъминланади.

7.    Кредит карта. Сиз картадан Сингапур визасини расмийлаштириш учун тўловни амалга оширишда фойдаланасиз. Карта VISA ёки MasterCard бўлиши керак.

8.    Сариқ безгакка (агар мавжуд бўлса) қарши вакцинация. Агар сиз Сингапурга боришдан олти кун олдин бир қатор (қирққа яқин) Африка ва Жанубий Америка мамлакатларида бўлган бўлсангиз, ICA зобитларига кириш пунктида сариқ безгакка қарши халқаро эмлаш сертификатини тақдим қилишингиз лозим.

 

Сингапур визасини олгандан кейинги ҳаракатлар

Агар сиз баҳолаш даражаси I бўлган мамлакатлар қаторига кирсангиз, виза учун ариза кўриб чиқилиши одатда бир кун давом этади. Иккинчи тоифа мамлакат фуқароси бўлсангиз, визангиз уч кун ичида расмийлаштирилади. Иккала ҳолатда ҳам баъзи иловаларни кўриб чиқиш одатдагидан кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин.

Визани олганингиздан сўнг Сингапурга боришингиз мумкин, у ерда Иммиграция ва назорат пунктлари идораси ходимлари сизга кириш ҳуқуқини ёки рухсатномани беришни белгилайдилар.

Сингапур туристик визаси

Агар сиз Сингапурга сайёҳлик мақсадида ташриф буюришни истасангиз, Сингапур сайёҳлик визасига мурожаат қилишингиз керак. Мурожаат жараёни юқорида келтириб ўтилган босқичларда амалга оширилади.

Иммиграция назорат пунктига етиб келганингиздан сўнг пункт зобитлари сизни кириш учун мос, деб топсалар, сизга Кириш рухсатномасини беришади.

Сайёҳлик мақсадида киришга имкон берувчи ушбу рухсатнома Ташриф рухсатномаси деб номланади ва у 14-30 кун давомида амал қилади. Агар сиз ушбу муддатни ошириб юборсангиз, сизга тегишли тартибда жазо берилади. Бунинг олдини олиш учун сиз виза муддатини узайтиришни хоҳласангиз, амалдаги визангиз тугашидан олдин Сингапур туристик визасини узайтириш учун ариза беришингиз керак бўлади. Визани узайтириш тўғрисидаги ариза онлайн тарзда ICA веб-сайтида ёки унинг Сингапурдаги офисларида шахсан бориб топширилиши мумкин.

Сингапур туристик визаси орқали кирган сайёҳларга бирор бир пуллик иш билан шуғулланишга рухсат берилмайди.

Кўп марталик ва бир марталик саёҳат визаси

Бир марталик саёҳат визасидан фақат бир марта фойдаланиш мумкин. Сингапурдан кетганингиздан сўнг, қолган кунларингиз бўлса-да, ушбу виза билан яна Сингапурга бора олмайсиз.

Кўп марталик саёҳат визаси амал қилиш муддати давомида бир неча марта ишлатилиши мумкин.

Сингапурга кириш визалари ва рухсатномалар турлари

Сингапур визалари ўз эгаларига фақатгина мамлакат кириш пунктига келиш имконини бериши ҳақида юқорида тўхталгандик. Ушбу визалар орасида Сингапурга бир марталик ва кўп марталик кириш визалари асосий виза турлари ҳисобланади. Булардан ташқари бир қанча рухсатномалар ҳам борки, улар визанинг сабаблари ва мақсадларига кўра, бир қанча турларга бўлинади.

a)    Қисқа муддатли ташриф рухсатномаси. Ушбу ҳужжат Сингапурга қисқа муддатли ижтимоий ташриф, туризм ёки тиббий сабабларга кўра киришга имкон беради.

b)   Меҳнат рухсатномаси. Буни бошқача тарзда Сингапур ишчи визаси деб аташ мумкин. Ушбу рухсатнома эгаси Сингапурда қонуний равишда иш бошлаши мумкин.

c)    Меҳнат визаси эгасининг оила аъзолари учун рухсатнома (Dependent Pass). Мазкур ҳужжат меҳнат рухсатномаси олган шахсларнинг оила аъзоларига ушбу шахс Сингапурда бўлган муддатда яшаш имкониятини беради.

d)   Узоқ муддатли ташриф рухсатномаси. Меҳнат рухсатномаси олган шахс оила аъзолари Dependent Pass талабларига мос келмайдиган тақдирда ушбу рухсатномадан фойдаланишлари мумкин.

e)    Талаба рухсатномаси. Сингапур талаба визаси бўлиб, Сингапурда олий маълумот олишни истаган чет эллик талабаларга берилади.

f)     Транзит механизми. Сингапур транзит визаси фақатгина маълум мамлакатлар фуқароларига берилади. Бу уларга аэропортнинг транзит зонасидан чиқиб кетиш ва уланиш рейсини кутиш пайтида 96 соат давомида Сингапурда қолиш имконини беради.

 

Сингапур визаси учун тўловлар

Сингапур виза учун тўловлар виза тури, мурожаат қилаётган рухсатнома турига қараб ўзгаради. Сингапур визаси талабларидан озод чет эл фуқаролари қисқа муддатли ташриф рухсатномасида белгиланган вақтдан кўпроқ муддатга қолишни хоҳласалар, узайтириладиган вақт учун ҳам тўловни амалга оширишлари керак.

Сингапур визаси учун тўловлар қуйидагича:

Сингапур визаси – 30 Сингапур доллари;

Кўп марталик саёҳат визаси – 30 Сингапур доллари;

Қисқа муддатли ташриф рухсатномасини узайтириш тўлови – 40 Сингапур доллари

Узоқ муддатли ташриф рухсатномасини кўриб чиқиш ва узайтириш учун тўловлар Иммиграция ва назорат пунктлари идораси томонидан белгилаб қўйилган нархларда тўланади:

-        ариза топшириш учун – 105 Сингапур доллари;

-        янгилаш ва узайтириш учун – 225 Сингапур доллари.

 

 Талаба визаси:

-        ариза топшириш учун – 30 Сингапур доллари;

-        визани олиш учун – 60 Сингапур доллари.

Виза учун тўловлар қандай амалга оширилади?

Кўпгина Сингапур визалари ва рухсатномаларига онлайн тарзда мурожаат қилишингиз мумкин бўлганлиги сабабли, Сингапур виза тўловларини ҳам электрон тарзда тўлашингиз мумкин.

Сингапур визалари ва рухсатномаларини бериш билан шуғулланадиган иккита орган мавжуд: Иммиграция ва назорат пунктлари идораси (ICA) ва Сингапур ишчи кучи вазирлиги (MOM). Уларнинг иккаласи ҳам турли хил тўлов усулларини қабул қилишади.

 Давлатбек Асадов тайёрлади

Top