21:32 / 09.07.2021
864
Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортида 55 млн доллар йўқотяпти

Икки йилдан бери об-ҳавонинг ноқулай келиши оқибатида Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишда муаммолар пайдо бўлган.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов биринчи ярим йилликдаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларга бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилди.

«Экспорт қилишнинг ўзи ҳам осон бўлмаяпти. Айниқса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишда катта йўқотиш кузатиляпти. Об-ҳавонинг ноқулай келганлиги сабабли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш сезиларли камайди. Ҳисоб-китобимиз бўйича биз қарийб 55 миллион доллар йўқотяпмиз.

Аммо саноат соҳасида ўсиш кузатиляпти. Хусусан, текстил ва озиқ-овқат йўналишини айтиш мумкин. Бу ҳозирча атрофимиздаги қўшни давлатларнинг ҳисобига бўлмоқда», — деди Ўроқов.

Ўроқов шунингдек, ҳозирги вақтда Европа давлатлари билан экспорт масаласида бир қатор муаммолар борлигини айтиб ўтди. Хусусан, Самарқандда фаолият кўрсатаётган саноқли корхоналардагина халқаро меъёрларга жавоб берадиган сертификатлар мавжудлигини тан олди.

Top