13:15 / 15.07.2021
3200
Ўзбекистонликлар учун 30 кунгача визасиз режим – Филиппин визаси ҳақида

UzbekLife хорижий мамлакатлар визалари ҳақидаги туркум материалларни беришда давом этади. Ушбу мақола орқали кўплар учун қизиқ бўлган Филиппин мамлакати визаси турлари, уларни олиш тартиби борасида атрофлича маълумот берамиз.

Бугунги кунда Филиппинга кириб келаётган барча шахслар коронавирус пандемияси сабаб e-CIF номли Саломатлик декларацияси шаклини олиши керак.

Филиппин виза талаблари мамлакатга қараб фарқ қилади. Айрим мамлакат фуқаролари умуман визасиз исталган вақт Филиппинга кириб-чиқиши мумкин бўлса, бошқа мамлакат фуқаролари виза олиши зарур. Ўзбекистон фуқаролари эса Филиппинга саёҳат, транзит ва бошқа мақсадларда 30 кунгача визасиз киришига рухсат этилган. Ундан кўпроқ вақт қолишни истасангиз визани аввалдан расмийлаштиришингиз, визасиз режимни Филиппинга боргач ёки аэропортда 59 кунгача узайтиришингиз мумкин. Виза тўловлари турига ва қаерда олинишига қараб ўртача 50 АҚШ долларини ташкил қилади.

Визасиз кирувчилар Филиппиндан чиқиб кетаётганида камида яна 6 ой амал қиладиган паспортга эга бўлиши лозим.

Филиппинда 2 хил тоифадаги виза мавжуд: ноиммиграцион ва иммиграцион.

Ноиммиграцион виза туризм, транзит, бизнес, ўқиш ёки ишга жойлашиш мақсадида Филиппинга вақтинча кириш истагида бўлган шахсларга берилади.

Ноиммиграцион визанинг 7 та тури бор:

Иммиграцион виза эса Филиппинда доимий яшаш учун рухсат олиш истагида бўлган шахсларга берилади.  

Талаба визаси

Агар Филиппинда Иммиграция бюроси томонидан аккредитациядан ўтган олийгоҳда ўқишни истасангиз, талаба визасини олиш учун ариза топширишингиз керак.

Талабалик визасига аризаларни кўриб чиқиш, қабул қилинган кундан бошлаб тахминан 2 ой давом этади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

-        Паспорт нусхаси;

-        Виза олиш учун тўлдирилган ариза;

-        2 та сурат;

-        Университетдан шартсиз қабул хати;

-        Университетдан тўлов қабул қилинганини тасдиқловчи хат;

-        Мактаб/ўрта махсус таълим/университет диплом нусхаси;

-        Ҳомий ва талаба томонидан имзоланган ва нотариусда тасдиқланган кафолат хати (хатда ҳомий барча харажатларни қоплаши, талаба эса бошқа бир шахс ёки муассаса, жумладан университетга молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилмаслиги ёзилган бўлади);

-        Сўнгги 3 ойдаги расман тасдиқланган банк ҳисобрақами ҳолати;

-        Агар ёшингиз 18 дан кичик бўлса, ота-онанинг розилик хати (нотариус ёки суд тасдиқлаган бўлиши керак);

-        Чипта;

-        Ҳомийнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати, халқаро паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси;

-        Сариқ иситма вируси ва ичтерлама касалликларига қарши эмланганлик ҳақида ҳужжат.

Меҳнат визаси

Филиппинда бир қатор меҳнат визалари мавжуд:

-        Халқаро шартнома савдогари/Инвестор;

-        Махсус ноиммиграцион виза (E.O. 226);

-        Хорижлик фуқаронинг ишга кириш рухсатномаси (AEP);

-        9 (g) ёки олдиндан келишилган меҳнат визаси;

-        Вақтинчалик ишлаш учун рухсатнома;

-        Ишлаш учун махсус рухсатнома.

9 (g) ёки олдиндан келишилган меҳнат визаси – бу Филиппинда ишлайдиган чет эл фуқаролари орасида энг кенг тарқалган виза тури. Бу виза билан саёҳатчи мамлакатга бир неча бор кириши мумкин. Тўлиқ жараёнга 2-3 ой кетади (AEP – хорижлик фуқаронинг ишга кириш рухсатномасини олиш билан бирга). 9 (g) ни олиш учун аввал хорижлик фуқаронинг ишга кириш рухсатномасини олиш керак. Унинг ўзига 2-3 ҳафта кетади.

Мазкур виза иш вақти давомийлигига қараб 1 йилдан 3 йилгача берилади. Кейин яна узайтириш мумкин. Агар ходим виза олиш жараёни якунланмасдан туриб ишлашни бошлаши керак бўлса, унга Иммиграция бюроси томонидан вақтинча ишлаш учун рухсатнома берилади.

Филиппинга киришдан олдин стандарт миграцион картани ва божхона шаклини тўлдириш керак. Божхона шакли декларация эҳтиёжидан қатъи назар барча шахслар томонидан тўлдирилади. Оддий карта ва шакл самолёт бортида берилади, агар берилмаса, унда паспорт назоратидан ўтишдан аввал олишингиз мумкин. Уларни тўлдирибоқ паспорт текширувидан ўтасиз. Штамп ёки маълумотларни янгилаганлик учун ҳеч қандай тўлов йўқ. Филиппин халқаро аэропортларида паспорт текширувида навбат катталиги туфайли узоқ вақт, одатда бир соатга яқин қолиб кетиш мумкин. Шунинг учун аввал бланкаларни олиб, паспорт назоратидан навбат эгаллаб, навбатда турган ҳолда тўлдирган маъқул. 

Паспорт назоратидан ўтаётганда паспорт, самолётдан тушиш талони, тўлдирилган миграцион шаклни тақдим этиш керак. У ерда кўрсаткич бармоқларингизни сканердан ўтказишади. Шундан сўнг юкларингизни олиб, яшил ёки қизил божхона йўлагидан ўтасиз.

Тўловлар

Визасиз режимдан ташқари Филиппинда яна қолишни истасангиз, сафар муддати яна 29 кунга узайтириб берилади. Бунинг учун 3030 песо (тахминан 1 623 550 сўм) тўлаш зарур. Визани йирик шаҳарлар ва курортлардаги исталган миграцион офисда, шунингдек аэропортда узайтириш мумкин. Узайтириш учун виза муддати тугашидан 7 кун олдин ёки визасиз штампнинг тугашидан 14 кун олдин мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда жарима тўлашга тўғри келади.

Визани иккинчи ва ундан кейинги марта кетма-кет узайтириш учун 4800 песо (тахминан 2 571 960 сўм) тўланади. Агар мамлакатда 59 кундан кўпроқ муддатга ўзгартирсангиз, 500 песога (тахминан 268 000 сўм) ID-card расмийлаштиришингиз керак.

Шунингдек, мамлакатда қолиш муддатини бирданига ярим йилга узайтириш ҳам мумкин. Бу LSVVE (LONG-STAY VISITOR VISA EXTENSION) деб аталади. Бундай узайтиришнинг тўлови 10500 песога (тахминан 5 627 000 сўм) етади. Бу амалиёт фақатгина Маниладаги бош офисда амалга оширилади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Филиппинда 1 йилдан ортиқ вақт яшасангиз, мамлакатдан чиқиб кетаётганда худди маҳаллий фуқаролар каби аэропортда махсус чиқиш солиғини тўлашингиз керак. У эконом классдагилар учун 1620 песони (тахминан 868 000 сўм), биринчи классда учувчилар учун 2700 песони (тахминан 1 447 000 сўм) ташкил қилади.

Зиёдахон Ғуломова,

UzbekLife колумнисти

Top