11:48 / 22.07.2021
9887
Имомали Раҳмон: «Тожикистон ўз қуролли кучларини қўшни давлатларга қарши ишга солмайди»

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги барча сиёсий партиялар ва ҳаракатлар раҳбарлари, бутун халқ учун бирлашиш ҳамда ўз ватанини сақлаб қолиш вақти келди.

«Биз тинчлик, барқарорлик, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитида яшашимиз учун қўшни давлатларда тинчлик ва барқарорлик бўлишининг тарафдоримиз», деди Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бугун мамлакат Миллий гвардияси ҳудудида бўлиб ўтган ҳарбий парадда.

Шу билан бирга, у Тожикистон ўз қуролли кучларини қўшни давлатларга қарши ишга солмаслигини қатъий таъкидлади

«Афғонистон бизнинг энг яқин қўшнимиз, биз билан умумий тил, дин ва маданиятга эга дўстона мамлакат. Шу муносабат билан биз унинг халқи тақдирига бефарқ эмасмиз. Шунинг учун мен Афғонистон масаласини ўнлаб марта энг нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар минбарларида кўтарганман. Мен яна бир бор таъкидлашни истардимки, афғон можаросида ҳарбий ечим йўқ, бу мамлакат муаммолари фақат тинч йўл билан ҳал қилиниши керак», деди у. 

Унинг сўзларига кўра, «барча суверен мамлакатларда, шу жумладан Афғонистонда ҳам бошқарув услуби ва давлатчилик тузилмаси фақат кўпчилик одамларнинг хоҳиши ва фуқаролар иродасига қараб белгиланиши ҳамда ўрнатилиши керак. 

«Аммо, афсуски, сўнгги бир неча ўн йиллик ичида юзлаб ва минглаб таниқли олимлар, шоирлар, ёзувчилар ва тажрибали сиёсатчиларга эга бўлган бундай маданиятли халқ геосиёсий ўйинларнинг қурбонига айланди. Шу сабабли, ушбу мамлакат сиёсатчилари, барча сиёсий партиялар ва ҳаракатлар раҳбарлари, зиёлилари, ҳокимият арбоблари ва барча халқи бирлашиб, ўз ватани, давлати ва миллатини беқарорлик ҳамда емирилишдан қутқарадиган вақт келди», деди у. 

Бундан ташқари, Имомали Раҳмоннинг фикрига кўра, «юқори лавозимларни эгаллаш учун халқни фитна ва можароларга тортиш - бу фожиали ва хавфли оқибатларга олиб келадиган умидсиз иш». 

«Мен бу сўзларни Тожикистон халқининг 90 йилларининг аччиқ тажрибасига асосланиб айтмоқдаман, чунки мамлакатимизда фуқаролар урушининг асосий сабабларидан бири айнан юқори лавозимларга эришиш учун қилинган ҳаракатлар эди», деди Тожикистон президенти. 

Шу билан бирга, у Аҳмад Шоҳ Масъуд ва Афғонистоннинг марҳум президенти Бурҳониддин Раббонийнинг тожик заминида тинчлик ва тотувликка эришиш йўлидаги ҳиссасини эслади. 

Раҳмоннинг таъкидлашича, улар Тожикистонда тинчлик ўрнатиш йўлида воситачилар сифатида ҳаракат қилишган, натижада музокаралар жараёнида бурилиш содир бўлган.

«Ўша пайтда Афғонистоннинг таниқли шахслари ўз вазифаларини, биродарлик ва яхши қўшничилик вазифаларини юқори даражада бажардилар ҳамда биз уларнинг яхши ишларини доимо қадрлаймиз», деди Раҳмон. 

Тожикистон раҳбари афғон заминида тинчлик ўрнатилишига умид билдирди.

«Мен афғон халқининг ушбу оғир кунлари абадий давом этмаслигини ишонч билан маълум қиламан. Охир-оқибат Афғонистонда ақл-идрок ғолиб келади, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилади, биз ушбу дўстона давлат билан барча алоқаларни кучайтирамиз ва кенгайтирамиз, деган умиддаман», деди у. 

Бундан ташқари, Имомали Раҳмон Тожикистон халқини эришилган тинчликни ҳимоя қилишга чақирди.

«Минтақадаги беқарор вазият билан боғлиқ ҳолда яна бир бор такрор айтаманки, биз қийинчилик билан эришилган тинчлик ва барқарорликни, сиёсий барқарорликни, миллий бирликни, давлатимиз ва халқимиз хавфсизлигини ҳимоя қилишга тайёр бўлишимиз керак. Сабаби, давлат хавфсизлиги ва жамоат тартибини ҳимоя қилиш - бизнинг энг муҳим ва устувор вазифамиз», деди Имомали Раҳмон.

Top