08:33 / 23.07.2021
8577
Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бир қатор низомлар тасдиқланди.

Булар:

  • Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари тўғрисидаги низом (1);
  • Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти тўғрисидаги низом;
  • Ёшлар, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш масалалари котибияти тўғрисидаги низом;
  • Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти тўғрисидаги низом.

Низомга (1) асосан, Бош вазир ўринбосари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси унинг номзодини маъқуллагандан сўнг Президент томонидан лавозимга тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосари Президентга ва Бош вазирга ҳисобот беради. Унинг фаолияти узлуксиз таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.

Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ҳукуматнинг аъзоси ҳисобланади ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради. У Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.

Қуйидагилар Бош вазир ўринбосарининг вазифалари жумласига киради:

  • узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳотларини мувофиқлаштириш;
  • ёшларни қўллаб-қувватлаш;
  • маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тилини ривожлантириш фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • атамашунослик ва топонимик объектларга ном бериш фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Бош вазир ўринбосари тегишли идоралараро коллегиал органларга раҳбарлик қилади, шунингдек, Бош вазир раҳбарлик қиладиган идоралараро коллегиал органлар фаолиятини ҳамда уларнинг қарорлари бажарилишини ташкил этиш юзасидан назоратни таъминлайди.

Ҳужжат Президентнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Top