19:50 / 26.07.2021
1071
Қорақалпоғистонда ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Қорақалпоғистонда фуқарони 23 000 АҚШ доллари билан Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Р. А. бошқа бир фуқаро Ў.ни 23 000 АҚШ доллари эвазига Қорақалпоқ давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ёки 4 000 АҚШ доллари эвазига жисмоний тарбия факультетига ўқишга киритиб қўйишга ишонтирган.

У олдиндан 10 000 АҚШ доллари ва 40 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Нукусдаги “Прогресс” мактаби ва тез тиббий ёрдам марказига ишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар ушланганди.

Top