19:45 / 31.07.2021
4749
Ўзбекистонда илк марта “Халқлар дўстлиги” куни нишонланди

30 июл куни “Халқлар дўстлиги” куни муносабати билан Тошкентда тантанали тадбир ташкил этилди. Унда президент фармони билан мукофотланган бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари орден, медал ва илк марта “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шу йил 10 февралда президент Шавкат Мирзиёев “Халқлар дўстлиги” кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Шу муносабат билан 30 июл куни Ўзбекистонда илк бора “Халқлар дўстлиги” куни нишонланди.

Пойтахтда бўлиб ўтган тадбирда давлат номидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва президент маслаҳатчиси Aбдувоҳид Aбдужабборов иштирок этди.

Тадбирга миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик соҳасида узоқ йил меҳнат қилган давлат ва жамоат арбоблари ҳамда Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари таклиф қилинди.

Тадбир аввалида Сенат раиси Танзила Норбоева президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқлар дўстлиги” куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Президент фармонига мувофиқ, бир гуруҳ жамоат арбоблари ва фаоллар давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 1 июнида таъсис этилган “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ҳам ўз эгаларига топширилди.

Kun.uz мухбири “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонининг илк совриндори Қашқадарё вилояти араб миллий-маданий маркази раҳбари Ниёзмуҳаммад Панжиев билан суҳбатда бўлди.

“Aраб миллий-маданий марказининг фаолияти араб миллатига мансуб аҳолининг тарихи, уларнинг этник ўзига хосликлари ҳақида гапирганимда бир нарса хаёлимга келади: Шарқдаги мусулмон халқларнинг минг йиллик тарихи араб тили ва ёзуви билан боғлиқ. Ўзбекистонда яшаётган араб миллатига мансуб аҳолининг тарихини Ўзбекистонда яшаётган бошқа халқлар тарихи билан ажратиб бўлмайди. Қайси мамлакатда ҳуқуқий асослар яратилган бўлса, миллатлараро тинчлик бўлади”, – дейди у.

Маълумот учун, ҳар йили “Халқлар дўстлиги” кунида топшириладиган “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳам тўланади.

Тақдирланганлар рўйхати билан ушбу ҳаволада танишинг.

Мавзуга оид
Top