23:35 / 10.09.2021
5740
Португалиянинг собиқ президенти Жоржи Сампайю вафот этди
Фото: AP

Португалиянинг собиқ президенти Жоржи Сампайю 81 ёшида вафот этди. The Portugal News нашрининг хабар беришича, Сампайю 27 августда нафас олишдаги муаммолар билан Лиссабондаги шифохонага даволаниш учун ётқизилган. У, шунингдек, юрак-томир касалликларидан азият чеккан.

Португалия ҳукумати собиқ президентнинг вафоти муносабати билан мамлакатда 11 сентябрдан бошлаб 3 кунлик мотам эълон қилди.

Сампайю Португалия президенти лавозимини 1996 йилдан 2006 йилгача қаторасига икки муддат эгаллаган. Бунгача 1990 йилдан 1995 йилгача пойтахт Лиссабон мэри сифатида фаолият юритган. У президент лавозимидан кетгач БМТ бош котибининг силга қарши кураш бўйича махсус вакили, БМТнинг Цивилизациялар альянсидаги вакили лавозимларини эгаллаган.  

Сампайю 2015 йилда демократияни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга қўшган ҳиссаси учун БМТнинг Нельсон Мандела номидаги мукофоти билан тақдирланган.

“Сампайю вафоти бутун Португалия учун катта йўқотишдир. Унинг ҳаёти барчамизга ўрнак ҳисобланади”, деб айтилган Португалия ҳукумати таъзияномасида.

“Португалия ўзининг энг обрўли фуқароларидан бирини йўқотди. У доим мамлакати учун фахр билан ва аъло даражада хизмат қилган”, деб таъкидлаб ўтган Португалия парламенти спикери Эдуардо Ферро Родригес.

Top